“Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” кўрик-танлови

2015.03.06 | Танловлар

  “Йилнинг энг фаол  маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” Республика кўрик-танловининг

НИЗОМИ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари (кейинги ўринларда - ММИБДЎ деб юритилади) ўртасида “Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” Республика кўрик-танлови (кейинги ўринларда кўрик-танлов деб юритилади)ни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш ихтиёрий, ошкоралик, холислик, тенглик тамойилларига асосланган ҳолда амалга оширилади.

3. Кўрик-танлов шартлари, унинг ўтказилиш жараёни ва натижалари тўғрисидаги ахборотлар вазирликнинг www.uzedu.uz расмий сайти ҳамда “ZiyoNet” ахборот таълим порталида “Фаол директор ўринбосари” рукнида бериб борилади.

4. Кўрик-танлов Халқ таълими вазирлиги томонидан Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ички ишлар вазирлиги, “Оила” илмий амалий маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилади.

 

II. Кўрик-танловнинг мақсади

 

5. Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ПҚ-451-сонли Қарори ҳамда вазирлик томонидан ушбу йўналишда жорий этилган меъёрий ҳужжатлар  ижросини таъминлаш ҳамда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилади.

 

III. Кўрик-танловнинг вазифаси

 

6. Кўрик-танловнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

а) ММИБДЎнинг етакчилиги, фаоллиги, ижодий қобилияти ва ташаббускорлигини ривожлантириш, касбий маҳоратининг рўёбга чиқишига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

б) Юртимизда амалга оширилаётган кенг бунёдкорлик ишлари, айниқса, таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий модели ва унда белгиланган вазифалардан хабардорлиги, дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган билимларини мустаҳкамлаш;

в) Ўқувчи-ёшлар онгига ватанпарварлик, миллатпарварлик, бағрикенглик, ҳушёрлик ва огоҳлик каби туйғуларни сингдириш, уларни миллий урф-одатлар руҳида ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашга қаратилган илғор иш тажрибаларни оммалаштириш;

г) ММИБДЎлари орасидан юксак касб маҳоратига эга бўлган, фидоий соҳа мутахассисларини танлаш ва улар ҳақидаги маълумотлар банкини бойитиш;

д) ММИБДЎнинг замонавий имиджини яратиш ва кенг тарғиб қилиш.

 

IV. Кўрик-танловни ўтказиш тартиби

 

7. Кўрик-танловда ушбу лавозимда камида 3 йиллик иш тажрибасига ва жамоа ўртасида обрўга эга, мактабда ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасида соғлом муҳитни ярата олган, кейинги уч йил давомида соҳа йўналишида муайян натижаларга эришган, ўз касбининг фидойиси, етакчи, фаол, ташаббускор ва ижодкор бўлган ММИБДЎлари ўзларининг “Менинг ғоям” мавзусидаги концептуал лойиҳалари (лойиҳанинг ҳажми камида 5-7 бетдан иборат Times New Roman 14 шрифтда) билан иштирок этади.

8. “Менинг ғоям” мавзусидаги Концептуал лойиҳани шакллантириш:

Ҳар бир иштирокчи ўзи фаолият кўрсатаётган таълим муассасасида миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган “Менинг ғоям” мавзусини танлайди ва қуйидаги талаблар асосида ўз концепциясини баён этади:

концепция матнида – Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, Фармойиши ва Қарорлари, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Қарор ва кўрсатмалар ҳамда вазирликнинг олдига қўйилган устувор вазифалардан  келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан ўзи фаолият кўрсатаётган таълим муассасасидаги маънавий муҳит, тизимли тарбиявий жараён, соҳа йўналишидаги амалдаги меъёрий ҳужжатларнинг ижроси, бошланғич ташкилот етакчиси, синф раҳбарларининг салоҳияти, “Камолот” ва “Камалак” сардорларининг ўзаро ҳамкорлиги, ўқувчилар ўртасидаги дўстона муносабат, маънавий-маърифий тадбирлар, синфдан ва мактабдан ташқари ишлар самарадорлиги, китобхонлик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши, тарбиявий ишлар, ўқувчиларнинг назоратсизлиги ва тартиббузарлигининг олдини олиш ва уни яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар, шунингдек, таълим муассасасининг жиҳозланиши, Жамоат кенгаши фаолияти ҳамда таълим муассасаларидаги ўзини ўзи бошқарув тузилмалари (“Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилоти, Хотин қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти, Ота-оналар университети, Оталар куни, Ота-оналар мажлиси, Оталар мажлиси, Қизлар клуби, Ораста қизлар тўгараги, Саҳоватли болалар ҳаракати ва бошқа)нинг таълим-тарбия жараёндаги фаолияти доир маълумотларга эътибор бериш.

“Менинг ғоям” лойиҳасини яратишдан мақсад (мавжуд муаммо, уни ҳал этиш учун нима қилмоқ керак, қачон, қаерда, кимлар билан ҳамкорликда каби саволлар ва уларнинг ечимлари кўрсатилади).

Резюме (лойиҳанинг қисқача мазмунини ифодалаш, бунда реал, тушунарли, аниқ, қисқа, эриша оладиган масалалар ёритилади).

Лойиҳанинг вазифаси (аниқ муддатлари белгиланган вазифалар белгиланади).

Лойиҳани амалга ошириш йўллари, усуллари (лойиҳанинг мақсадидан келиб чиққан ҳолда нима иш қилиниши, ишни ким амалга ошириши, қандай ресурслардан фойдаланиши аниқ ифодаланади).

Лойиҳани амалга ошириш босқичлари (белгиланган вазифаларнинг босқичма-босқич амалга ошириш механизми кўрсатилади).

Лойиҳадан кутилаётган натижа (лойиҳа амалга оширилганда қандай натижага эришилади).

9. Кўрик-танлов 3 босқичда ўтказилади:

1-босқич – туман (шаҳар) босқичи: жорий йил 10 июлга қадар барча таълим муассасаларининг ММИБДЎлари иштирокида ўтказилади.

2-босқич – ҳудудий босқич: жорий йил 25 июлга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар миқёсида барча туман (шаҳар) босқичида 1-ўринни эгаллаган ММИБДЎлари иштирокида ўтказилади.

Халқ таълими вазирлиги ва ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари  тасарруфидаги таълим муассасаларининг ММИБДЎларига тўғридан-тўғри  2-босқичда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

3-босқич – республика босқичи: жорий йил август ойида ҳудудий босқичда 1-ўринни эгаллаган ММИБДЎлари иштирокида ўтказилади.

10. Кўрик-танловнинг 1-босқичини ўтказиш тартиби:

1-босқич жойларда Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимининг тегишли буйруғи асосида мудирлар раислигида ташкил этилади ва ўтказилади;

кўрик-танловнинг 1-босқичида ҳар бир мактабдан бир нафардан ММИБДЎлари иштирок этади;

туман (шаҳар) ташкилий қўмитаси раиси номига кўрик-танловнинг 1-босқичида иштирок этувчи номзод ҳақидаги ҳужжатлар (таълим муассасаси педагогик кенгашининг қарори, иштирокчининг фаолияти ҳақида маълумот ва иштирокчининг аризаси) тақдим этилади;

кўрик-танловнинг 1-босқичи иштирокчилари учун саволлар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари томонидан кўп вариантлилик асосида тайёрланади ва туман (шаҳарларга) етказилади;

1-босқич якуни бўйича 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланади ва бошқа иштирокчиларга эришган натижаларига кўра номинациялар белгиланади;

Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ташкилий қўмитасининг кўрик-танловнинг  1-босқичида 1-ўринни эгаллаган ғолибнинг навбатдаги (ҳудудий) босқичда қатнашиши тўғрисида қарори, иштирокчининг “Менинг ғоям” мавзусидаги концептуал лойиҳаси, тавсия этувчи буйруқ ва бошқа тегишли ҳужжатлар жорий йил 11 июлга қадар ҳудудий ташкилий қўмитага тақдим этилади.

11. Кўрик-танловнинг 2-босқичини ўтказиш тартиби:

кўрик-танловнинг 2-босқичи Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари асосида ва уларнинг раислигида 1-босқичда ғолиб бўлган (ҳар бир туман (шаҳар)дан 1 нафар) ММИБДЎлари ўртасида ўтказилади;

2-босқич иштирокчилари учун саволлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази томонидан кўп вариантлилик асосида тайёрланади ва жойларга етказилади;

кўрик-танловнинг 2-босқичида 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланади ва бошқа иштирокчиларга эришган натижаларига кўра номинациялар белгиланади;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ташкилий қўмитасининг          ҳудудий босқичда 1-ўринни эгаллаган ғолибнинг республика босқичида қатнашиши тўғрисидаги қарори, ғолибнинг “Менинг ғоям” мавзусидаги концептуал лойиҳаси, маълумотномаси ва бошқа тегишли ҳужжатлари жорий йил 1 августга қадар республика ташкилий қўмитасига тақдим этилади.

12. Кўрик-танловнинг 3-босқичини ўтказиш тартиби:

Республика ташкилий қўмитасининг қарори билан кўрик-танловнинг республика босқичини ўтказиш куни белгиланади, иштирокчилар рўйхати, ҳакамлар ҳайъати таркиби тасдиқланади.

а) Республика ишчи гуруҳи томонидан иштирокчиларнинг “Менинг ғоям” мавзусидаги концептуал лойиҳаси ва тегишли хужжатлари қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида ўрганилиб, жами 20 балл билан баҳоланади ва натижаси Республика ташкилий қўмитасига тақдим этилади.

Концептуал лойиҳани ва ҳужжатларни баҳолаш мезонлари:

лойиҳадан кўзланган мақсаднинг аниқ, асосли, тушунарли ва пухта белгиланганлиги – 5 баллгача;

таълим муассасасининг фаолияти аниқ ва асосли ёритилганлиги – 5 баллгача;

мавжуд муаммо ёки эҳтиёжни тўғри аниқлай олганлиги ва уни ҳал қилиш бўйича аниқ ечимли таклиф берилганлиги – 5 баллгача;

лойиҳанинг жорий этилиши, белгиланган вазифаларнинг бажариш вақти, босқичлари ва амалга ошириш ресурсларининг ҳаётийлиги – 5 баллгача.

б) Республика ишчи гуруҳи томонидан 3-босқичда иштирок этишга тавсия этилган ҳудудий босқич ғолиби бўлган ММИБДЎлари ишлайдиган таълим муассасасининг фаолияти жойида ўрганилади, ҳужжатлар таҳлил қилинади, қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида жами 30 балл билан баҳоланади ва натижаси Республика ташкилий қўмитасига тақдим этилади.

Таълим муассасасидаги фаолиятни баҳолаш мезонлари:

ММИБДЎнинг маънавий дунёқараши ва сиёсий саводхонлиги, касбий салоҳияти ва маҳорати, малака оширганлиги, юртимиз ва дунёдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятлардан хабардорлиги, педагогик жамоа ўртасидаги ўрни – 2 баллгача;

амалдаги тегишли меъёрий ҳужжатлардан хабардорлиги, маънавий-маърифий тадбирлар, тадбирларнинг оммавийлиги ва натижадорлиги, ҳамкорлик ишлари, нутқ маданияти – 3 баллгача;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши, чет тилини билиши, спорт билан шуғулланиши, маҳаллий театр ва маданият масканлари ҳақидаги тушунчаси – 2 баллгача;

маънавият-маърифат хонасининг вазирликнинг тавсияси асосида жиҳозланганлиги, кун тартиби, ҳафта кунларининг номланиши бўйича режавий ишлари, “Эрталабки сафланиш” ва “Тарбиявий соат”лар самарадорлиги, “Маънавият куни” ва “Маънавият ҳафталиги”ни ўтказилганлиги,  педагог ходимлар учун “Маънавият соати”ни ташкил этилганлиги ва самарадорлиги – 5 баллгача;

таълим муассасасида ўқувчи ва ўқитувчиларнинг одоб-ахлоқ қоидаларининг тарғиб қилинганлиги ва унга риоя қилиниши ҳолати,  таълим муассасаси педагог ходимлари ўртасидаги маънавий муҳит, ўзаро дўстона муносабат – 3 баллгача;

таълим муассасаларида ташкил этилган фан ва қизиқишлар бўйича тўгараклар, мактабдан ташқари таълим муассасалари билан ҳамкорлик ишлари, иқтидорли ва фаол ўқувчилар билан олиб борилаётган ишлар ҳолати, ўқувчиларнинг назоратсизлиги, тартиббузарлиги, турли маънавий таҳдидлар ва “оммавий маданият” таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган ишларнинг тизимлилиги ва натижадорлиги –  4 баллгача;

“Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилотининг фаолияти ва яратилган шароит, Бошланғич ташкилот етакчиси, “Камолот”, “Камалак” ва  синф сардорларининг ўзаро ҳамкорлиги, “Оила - маҳалла - таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгашининг фаолияти, таълим муассасасидаги ўзини ўзи бошқариш тизими (“Ота-оналар университети”, Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти, “Қизлар” ва “Зулфияхоним” клублари, “Ота-оналар қўмитаси”, “Саҳоватли болалар” гуруҳи ва бошқалар)ни йўлга қўйилганлиги, синф раҳбарлари ва мактаб психологи билан ҳамкорлик ишлари ва натижадорлиги – 3 баллгача;

таълим муассасасининг кутубхонаси ва АРМ фаолияти, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг китобхонлик даражаси, китоб фондини бойитиш бўйича ўтказилган тадбирлар ва натижадорлиги, “Китобхонлар байрами” тадбирларининг режа асосида ўтказилиши ва натижадорлиги – 3 баллгача;

ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган тадбирлар, жалб этилган соҳа мутахассислари, тизимлилиги ва натижадорлиги – 3 балгача;

вазирликнинг тавсия асосида таълим муасссасасининг жиҳозланганлиги, ободонлаштирилганлиги, тизимли ишларни ташкил этилганлиги, натижадорлиги, концептуал лойиҳа билан ҳақиқий ҳолатнинг мослиги – 2 баллгача.

в) Кўрик-танловнинг Республика босқичи ҳакамлар ҳайъати томонидан  5 та шарт асосида ўтказилади ва қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида жами 50 балл билан баҳоланади.

Баҳолаш мезонлари:

1-шарт. Таништирув (5 дақиқа) – иштирокчилар ижодий ёндашган ҳолда “Менинг ғоям” мавзусидаги концепциянинг тақдимотини  қилади (резюме берилади, фаолияти акс этган альбом ҳакамлар ҳайъатига такдим этилади, экранда слайдли ёки видеофильм намойиш этилиши мумкин ва бошқалар) – 10 баллгача; 

2-шарт. Тарбиявий жараён (5 дақиқа) – таълим-тарбия жараёнида учрайдиган айрим муаммоли вазият (аввалдан тайёрлаб қўйилган муаммо намойиш этилади ёки вазият ўқиб эшитирилади), унинг тўлиқ ечимини очиб бериш – 15 баллгача; 

3-шарт. Интеллектуал салоҳият (5 дақиқа) – иштирокчилар 5 та саволга жавоб берадилар (саволлар аввалдан тайёрланган ва конвертларда муҳрланган бўлади, ҳар бир савол учун 1 дақиқадан вақт берилади, тўғри ва тўлиқ жавоб 2 баллгача баҳоланади) –  10 баллгача; 

4-шарт. Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда меъёрий ҳужжат тайёрлаш (30 дақиқа) – танлов бошланишидан олдин иштирокчилар томонидан АКТдан фойдаланган ҳолда конвертда муҳрланган мавзу асосида кўрсатма хат ёки буйруқ тайёрлаш,  интернет орқали манзилга жўнатиш, жавоб олиш ва бошқа – 10 баллгача;

5-шарт. Эркин мавзу (5 дақиқа) – иштирокчилар ўзларининг қизиқиши ва қобилиятини намойиш этади (қўшиқ айтиш, мусиқа асбобларни чалиш, шеърни ёддан айтиш ёки ўқиб бериш, рақс тушиш ва бошқа) – 5 баллгача.

Умумий 100 балл. Энг кўп балл тўплаган иштирокчи кўрик-танловнинг мутлақ ғолиби ҳисобланади.

Кўрик-танловнинг Республика босқичи ҳар бир шартининг синов саволлари Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази томонидан кўп вариантлилик асосида махфийлиги таъминланган ҳолда тайёрланади.

13. Кўрик-танловнинг Республика босқичи ҳакамлар ҳайъати таркиби малакали соҳа мутахассисларидан ҳамда ҳамкор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларини жалб қилган ҳолда тузилади, шунингдек, саноқ комиссияси аъзолари ҳакамлар ҳайъати аъзолари ўртасида қуръа ташлаш йўли билан белгиланади.

14. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари тасдиқланган баҳолаш мезони асосида иштирокчиларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолаб боради. Баҳолашда ҳар бир ҳакам ўз балини қўяди ва саноқ комиссиясига тақдим этади. Саноқ комиссияси  балларни қўшиб, ўртача бални чиқаради ва натижасини эълон қилади.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг хулосалари асосида кўрик-танловнинг Республика босқичи ғолиблари (1-, 2-, 3-ўрин) аниқланади ҳамда бошқа иштирокчиларга эришган натижаларига кўра номинациялар белгиланади.

 

V. Ғолибларни тақдирлаш

 

15. Кўрик-танловнинг 1-босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ММИБДЎларига ҳудудий касаба уюшмалари билан биргаликда сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилади, ҳомийларни жалб этган ҳолда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

16. Кўрик-танловнинг 2-босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ММИБДЎлари бир ойлик маоши миқдорида моддий рағбатлантирилади, ҳудудий бошқарув идораларининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

17. Кўрик-танловнинг Республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ММИБДЎларга ўрнатилган тартибда Халқ таълими вазирлигининг “Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” Республика кўрик-танловининг I-, II-, III-даражали дипломлари, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Шунингдек, бошқа иштирокчиларга эришган натижаларига кўра номинациялар белгиланади, уларга Халқ таълими вазирлигининг “Номинация” ғолиблари дипломлари, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

18. Кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этган ММИБДЎларининг иш тажрибалари Республика, вилоят миқёсида оммалаштирилади, улар иштирокида семинарлар ташкил этилади ва “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумхалқ байрамига бағишланган республика тадбирига таклиф этилади.

19. Кўрик-танлов ғолиблари ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари томонидан давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.

 

VI. Якуний қоидалар

 

20. Ташкилий қўмита кўрик-танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ягона илмий-услубий ёндашувни таъминлайди, ҳакамлар ҳайъати, ишчи гуруҳи таркибини шакллантиради, тасдиқлайди ҳамда синов топшириқларини тайёрлайди.

21. Кўрик-танловнинг Низомига риоя қилмаган иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарори билан танловдан четлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 30

Сайтда рўйҳатдан ўтганлар :

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.