Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077
Xизматни баҳолаш

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови

2015.03.05 | Танловлар

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчилари ўртасида ҳар бир фан йўналишида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

 

1. Кўрик-танловнинг асосий мақсади ва вазифалари:

кўрик-танлов иштирокчиларининг “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да белгиланган вазифалар юзасидан давлат ва жамият, узлуксиз таълим, фан, ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий модернизация жараёни тўғрисидаги билимларини ошириш;

умумий ўрта таълим мактабларининг педагоглари орасидан фанлар бўйича илғор, ташаббускор ва ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш;

улардаги ижодий қобилиятларни, касбий маҳоратининг руёбга чиқишига кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

аниқланган илғор тажрибаларни оммалаштириш ва кенг тарғиб этиш, уларнинг ўз методик мактабини яратишга йўналтириш;

умумий ўрта таълим мактабларида ҳар бир фандан дарс бераётган ўқитувчилар орасидан юксак касб маҳоратига эга бўлган, ўз фанининг, мутахассислигининг ҳақиқий эгаларини саралаб олиш;

таълим-тарбия жараёнида самара берадиган муқобил методларни ҳамда технологияларни аниқлаш;

педагогларнинг ижодий фаоллигини ошириш;

ўқитувчи-устознинг юксак маънавияти, маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳамда унинг ташаббускор ва ижодкорлигини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш.

 

II. Кўрик-танловни ўтказиш тартиби

 

2. Кўрик-танлов умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчилари ўртасида фанлар кесимида ўтказилади.

3. Кўрик-танлов 3 босқичда ўтказилади:

1-босқич – туман (шаҳар) бўйича (ҳар бир мактабдан белгиланган малака тоифасидаги, фанлар кесимида бир нафардан ўқитувчи 1-босқичда иштирок этади);

2-босқич – вилоят бўйича, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида;

3-босқич – республика бўйича.

4. Кўрик-танловнинг биринчи (туман) босқичида олий маълумотли камида уч йил педагогик иш тажрибасига эга бўлган олий, биринчи, иккинчи тоифали ўқитувчилар иштирок этади. Навбатдаги босқичларда фақат 1-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлган ўқитувчилар қатнашади.

Ғолиблар (1-, 2-, 3-ўрин) 76-100 балл тўплаган ўқитувчилар орасидан аниқланади.

5. Вилоят, Республика тасарруфидаги мактабларнинг ўқитувчилари туман (шаҳар) босқичида қатнашмасдан тўғридан-тўғри жойлашган ҳудудида 2-босқичда иштирок этади.

6. Кўрик-танловнинг биринчи, иккинчи ва учинчи босқичларида ғолиблар фанлар бўйича алоҳида-алоҳида аниқланади.

7. Кўрик-танловни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда ҳудудий бўлимларнинг буйруқлари билан расмийлаштирилади.

8. Ташкилий қўмита кўрик-танловга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишда ягона илмий-услубий ёндашувни таъминлайди, ҳакамлар ҳайъати, апелляция комиссияси таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди, синов топшириқларини тайёрлашни ташкил этади.

9. Кўрик-танловнинг барча босқичларида ташкилий қўмита, ҳакамлар ҳайъати ва эксперт комиссияси аъзоларининг яқин қариндошлари ёки ишлайдиган мактаби (тумани)дан ўқитувчилар иштирок этаётган бўлса, ушбу шахслар ташкилий қўмита қарори асосида ташкилий қўмита, ҳакамлар ҳайъати ёки эксперт аъзолари таркибидан чиқарилади.

10. Кўрик-танловни ўтказиш жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмаган ўқитувчилар ҳакамлар ҳайъати қарори билан танловдан четлаштирилади. Бу ҳақда тузилган далолатнома ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

11. Кўрик-танловнинг Республика босқичида қатнашган ўқитувчилар (1-ўринни олган ғолиб ўқитувчилардан ташқари) 5 йилдан сўнг қайтадан иштирок этиши мумкин.

 

III. Кўрик-танловнинг биринчи босқичини ўтказиш тартиби

 

12. Кўрик-танловнинг биринчи (туман) босқичини ўтказиш масъулияти Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими мудирлари зиммасига юкланади.

13. Биринчи босқич иштирокчилари учун топшириқлар Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими ташкилий қўмитаси томонидан тайёрланади.

14. Кўрик-танловнинг биринчи босқичига ҳар бир мактабдан (метод бирлашма хулосаси асосидаги педагогик кенгаш қарори билан) белгиланган фанлардан бир нафардан ўқитувчилар иштирок этиши мумкин.

15. Кўрик-танловнинг туман босқичига номзодларнинг қуйидаги ҳужжатлари тақдим этилади:

таълим муассасасининг педагогик кенгаш қарори;

ўқитувчининг фаолияти ҳақида маълумот;

иштирокчининг аризаси.

16. Кўрик-танловнинг туман босқичида ҳар бир фандан 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланади, натижалари Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими кенгашида муҳокама қилинади ва ўтказилган фанлардан 1-ўринни эгаллаган ғолибларни навбатдаги (вилоят) босқичида қатнашиши тўғрисида қарор қабул қилинади.

Тумандан ялпи буюртма, ҳакамлар ҳайъати қарори билан тасдиқланган, ҳар бир фандан 1-ўринни эгаллаган ғолибнинг ҳужжатлари ижодий ишлари билан бирга вилоят ташкилий қўмитасига топширилади.

 

 IV. Кўрик-танловнинг иккинчи босқичини ўтказиш тартиби

 

17. Кўрик-танловнинг иккинчи (вилоят) босқичини ўтказиш масъулияти Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари зиммасига юкланади.

18. Кўрик-танловнинг ўтказиш вақти, жойи, ташкилий қўмита таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари буйруғи билан, фанлар кесимида ҳакамлар ҳайъати, эксперт комиссияси таркиби ташкилий қўмитанинг қарорига асосан тасдиқланади.

19. Иккинчи босқич иштирокчилари учун топшириқлар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ташкилий қўмитаси томонидан тайёрланади.

20. Кўрик-танловнинг иккинчи босқичида ҳар бир фандан 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланади. Кўрик-танлов натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинади. Ўтказилган фанлардан 1-ўринни эгаллаган ғолиблар тўғрисидаги қарор, тавсия этувчи буйруқ ва бошқа ҳужжатлар Республика ташкилий қўмитасига тақдим этилади (барча ҳужжатлар ва материалларнинг электрон варианти ҳам топширилиши лозим).

 

V. Кўрик-танловнинг учинчи босқичини ўтказиш тартиби

 

21. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари кўрик-танловнинг иккинчи босқичида фанлар бўйича ғолиб бўлган ўқитувчиларни учинчи (республика) босқичига тайёрлаш мақсадида барча ташкилий чораларни кўради.

22. Кўрик-танловнинг иккинчи босқичида фанлар бўйича 1-ўринни эгаллаган ўқитувчилар учинчи босқичда иштирок этади.

23. Кўрик-танловнинг учинчи босқичидаги топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази томонидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, кўп вариантлилик асосида махфийлиги таъминланган ҳолда тайёрланади.

24. Кўрик-танловнинг учинчи босқичида республика бўйича “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” аниқланади ва бошқа иштирокчиларга нисбатан эришган натижаларига кўра номинациялар белгиланади.

 

VI. Кўрик-танловнинг Республика босқичи иштирокчилари учун талаб этиладиган ҳужжатлар

 

25. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари томонидан кўрик-танловнинг Республика босқичи иштирокчилари ҳақида қуйидаги ҳужжатлар ҳар йили 1 мартгача тақдим этилиши шарт:

ташкилий қўмитанинг йиғилиш баённомасидан кўчирма;

иштирокчининг аризаси; 

иштирокчи ҳақида ахборот харитаси;

иштирокчининг дарс бериш технологияси акс эттирилган видеодарс ва унинг тафсилоти.

26. Белгиланган муддатдан кечикиб топширилган, белгиланган талабларга риоя қилинмаган материаллар кўриб чиқилмайди ва иштирокчи Республика босқичига қўйилмайди.

Ҳужжатлар қоғоз ва электрон шаклда тақдим этилиши лозим.
 Республика босқичига тақдим этилган материаллар қайтарилмайди.

        

VII. Ҳакамлар ҳайъати ва эксперт комиссияси

 

27. Кўрик-танловнинг босқичларини ўтказиш учун ҳар бир фандан              илғор ўқитувчилар, методистлардан иборат ҳакамлар ҳайъати комиссияси таркиби тузилади ҳамда ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади.

28. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг амалий машғулотларини, саводхонлигини, тақдимотларини адолатли баҳолайди, баҳолаш мезони асосида эксперт гуруҳи хулосаларини ва ғолибларнинг якуний босқичда олган баҳоларини умумлаштирган ҳолда кўрик-танлов ғолибларини аниқлаб беради.

29. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг хулосалари қарор билан расмийлаштирилади. Иштирокчиларнинг фаолиятини баҳолашда ҳар бир ҳакам ўз балини қўяди ва саноқ комиссиясига беради. Саноқ комиссияси  балларни қўшиб, ўртача бални чиқаради ва натижасини эълон қилади. Саноқ комиссияси ҳакамлар ҳайъати аъзолари ўртасида қуръа ташлаш йўли билан белгиланади.

 

VIII. Апелляция комиссияси

 

30. Кўрик-танлов иштирокчилари томонидан билдирилган оғзаки ёки ёзма ариза ва эътирозлар жойида фақат апелляция берувчи ўқитувчи иштирокида (бошқаларнинг бу жараёнга аралашиши мумкин эмас) комиссия аъзолари томонидан шу куннинг ўзида кўриб чиқилади ҳамда хулосалар расмийлаштирилади.

 

IХ. Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш

 

31. Биринчи (туман) босқичида ҳар бир фандан 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқитувчиларга ҳудудий касаба уюшмаси билан биргаликда сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилади, ҳомийларни жалб этган ҳолда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

32. Иккинчи (вилоят) босқичида ҳар бир фандан 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқитувчилар бир ойлик маоши миқдорида моддий рағбатлантирилади, ҳудудий бошқарув идораларининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

33. Учинчи (республика) босқичида ҳар бир фандан 1-ўринни эгаллаган ўқитувчиларга ўрнатилган тартибда Халқ таълими вазирлигининг “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” I-даражали дипломи, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, энг кам иш ҳақининг 9-баравари миқдорида пул мукофоти берилади.

Ҳар бир фандан 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқитувчилар Халқ таълими вазирлигининг “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” II-, III-даражали дипломи ва мос равишда энг кам иш ҳақининг 6-, 4-баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

 34. Кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этган ўқитувчилар иш тажрибалари Республика, вилоят миқёсида оммалаштирилади, дарс ишланмалари тўплам сифатида чоп этилади, ўқитувчилар иштирокида семинарлар ташкил этилади.

35. Кўрик-танлов ғолиблари Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари,  Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари томонидан давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.

36. Кўрик-танлов шартлари, унинг ўтказилиш жараёни ва натижалари тўғрисидаги ахборотлар вазирликнинг www.uzedu.uz расмий сайтида бериб борилади.

 

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезони

 

Кўрик-танловда камида уч йил педагогик иш тажрибага эга олий, биринчи ва иккинчи тоифали олий маълумотли ўқитувчилар иштирок этиши мумкин.

Уч йил давомида ўқувчилари ДТС талабларини сифат самарадорлиги 76-100 фоиз кўрсаткич берган, “Билимлар беллашуви”да туман (шаҳар), вилоят, республика босқичида ғолибликни қўлга киритган, “Устоз-шогирд” тизимининг устозлари ҳамда иш тажрибасидаги янгиликлари тақдим этилган ижодий ишлари ўрганилиб, кўрик-танловда иштирок этишга тавсия этилади.

 

Кўрик-танловнинг ўтказиш босқичлари:

 

1-босқич туман (шаҳар) миқёсида:            январь

2-босқич вилоят миқёсида:                        февраль

3-босқич республика миқёсида:                март

Кўрик-танлов ўтказилиши белгиланган фанлар рўйхати

(фанлар кесимида ҳар 2 йилда бир марта ўтказилади)

 

Биринчи йил

Иккинчи йил

Бошланғич таълим

Қорақалпоқ тили ва адабиёти

Она тили ва адабиёти

Инглиз тили

Ўзбек тили

Француз тили

Инглиз тили

Немис тили

Француз тили

Рус тили (ўзбек ва бошқа тилларда)

Немис тили

Рус тили ва адабиёти

Биология

Физика

География

Кимё

Тасвирий санъат ва чизмачилик

Математика

Давлат ва ҳуқуқ асослари

Информатика

Иқтисодий билим асослари

Тарих

Мусиқа

Миллий истиқлол ғояси

Меҳнат таълими

Йил методисти

Жисмоний тарбия

Йил психологи

 

Кўрик-танловнинг туман, вилоят, республика босқичи 4 турда ўтказилади.

         

            1-тур. Сиртқи тур.

Бу турда иштирокчи ўзининг 15 минутли дарс бериш технологияси акс эттирилган видеодарсни тавсифлоти билан СД дискда Республика таълим марказига 1 мартгача бўлган муддатда тақдим этади. Жами 10 балл билан баҳоланади.

Видеодарс қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

видеодарснинг сифати - 2 балл;

видеодарснинг мазмуни - 3 балл; 

видеодарснинг методик қиммати - 3 балл;

видеодарснинг аҳамияти - 2 балл.

 

2-тур. Ўз фани бўйича белгиланган мавзу юзасидан дарсга тайёргарлик кўриш.

Бу жараёнда иштирокчи компьютер техникасидан ва қўшимча адабиётлардан фойдаланиши ҳакамлар ҳайъати томонидан кузатилади. Иштирокчи тайёргарлик жараёнида берилган мавзу юзасидан бир соатлик дарс ишланмасини ҳакамлар ҳайъатига топширади. Дарсга тайёргарлик жараёни учун 2 соат вақт ажратилади.

Бир соатлик дарс ишланмаси қуйидаги мезонлар асосида 25 балл билан баҳоланади:

дарс мавзуси асосида дарс типининг тўғри танланиши ва дарс босқичларининг тўғри белгиланилиши – 2 балл;

дарс мавзуси асосида мақсаднинг тўғри қўйилиши ва ўқувчиларнинг бир соат давомида эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларининг белгиланилиши – 2 балл;

дарс жараёнида фойдаланадиган кўргазмали воситаларнинг тўғри танланганлиги ва дарс мазмунида ифодаланганлиги – 2 балл;

ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш жараёнида танланган усулларда барча ўқувчиларнинг иштироки таъминланиши кўзда тутилганлиги – 2 балл;

ўқувчиларнинг олдинги дарсдаги мавзуларни табақалаштирган ҳолда сўралишининг режалаштирилганлиги – 2 балл;

вақтнинг тўғри тақсимланганлиги – 1 балл;

янги мавзуни баён қилишнинг дарс ишланмасида тўлиқ ёритилиши ва асосий мазмуннинг берилиши – 3 балл;

ўқувчиларнинг баҳосини ҳамда уйга бериладиган вазифани тўғри таҳлил қилиб бериш усулларининг аниқ белгиланганлиги – 1 балл;

дарсга тайёргарлик жараёнида интернетдан маълумотлар олиб фойдаланиши – 3 балл;

дарс ишланмасини Word дастурида тайёрлаши – 2 балл;

дарс жараёнида фойдаланиладиган кўргазмали воситани Power Point дастурида тайёрлаб тақдим этиши – 5 балл.

 

3-тур. “Таълим сифатини оширишда амалга оширмоқчи бўлган ишларим” тақдимоти (оғзаки ўз педагоглик тажрибасини намойиш қилиш, регламент 7 мин).

Тақдимот қуйидаги мезонлар асосида 15 балл билан баҳоланади:

АКТдан фойдалана олиши - 1 балл;

таълим сифатини оширишдаги самарадорлиги - 1 балл;

намойиш қилиш маҳорати – 1  балл;

мазмуни теранглиги ва ўзига хослиги – 2 балл;

берилган муаммони ҳал қилиш йўлларини кўрсата олиши – 2  балл;

зукколиги ва маданий даражаси – 2 балл;

нутқ маданияти – 1 балл;

дунёқарашини кенглиги - 2 балл;

аудиториядагилар диққатини жалб қила олиши – 1 балл;

ўқув жараёни учун қимматлилиги – 1 балл;

регламентга риоя қилиши – 1  балл.

 

3 та тур бўйича 40 балдан кам тўплаган иштирокчилар кўрик-танловнинг              4-турига қўйилмайди.

 

            4-тур. Кўрик-танлов иштирокчиси нотаниш мактаблардан бирида нотаниш синфда нотаниш мавзу бўйича замонавий педагогик технология ва методларни қўллаган ҳолда дарс ўтади (дарс мавзуси ва синфи бир кун олдин қуръа ташлаш йўли билан аниқланади). Жами 50 балл.

Дарс жараёни қуйидаги мезонлар асосида 40 балл билан баҳоланади:

чуқур билимга эгалиги ва маҳоратини намойиш қила олиши – 4 балл;

қўллаган технология ва методларни янгилиги, ифода шаклларининг таъсирчанлиги ва натижавийлиги – 6 балл;

ўтилган мавзу бўйича ўқувчиларни баҳолаш ва такрорлаш – 4 балл;

ўқувчиларнинг ўзаро фикр алмашувини ташкил этиши – 3 балл;

мавзуни очишдаги усулларнинг ўзига хослиги – 3 балл;

дарс босқичларида турли манбалардан фойдаланиши – 4 балл;

ўқувчилар фаолиятида мотивация ва интенсивликни ҳосил қилиши ҳамда жараён охиригача сақлай олиши – 4 балл;

замонавий воситалардан самарали фойдаланиши – 4 балл;

ўқувчиларнинг мустақил ишларини ташкил этиши – 3 балл;

дарснинг мақсадга эришганлиги, самарадорлиги – 3 балл;

вақтнинг тўғри тақсимланиши – 2 балл.

 Ўқувчиларнинг иштирокчи томонидан берилган мавзуни ўзлаштириш даражаси она тили ва адабиёти, рус тили, қорақалпоқ тили, бошланғич таълим, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, иқтисодий билим асослари, миллий истиқлол ғояси, хорижий тиллар (инглиз, француз, немис), кимё, биология, физика, география фанлари бўйича тест топшириқлари, жисмоний тарбия, информатика, мусиқа, меҳнат таълими, тасвирий санъат ва чизмачилик фанларидан ўқувчиларнинг амалий бажарган иш натижалари ҳамда математика фанидан мисол ва масала ечиш орқали аниқланади. Тест ва амалий топшириқларини бажариш учун 15 дақиқа вақт ажратилади. Бажарилган тест ва амалий иш натижалари 10 балл билан баҳоланади.

 Умумий жами балл – 100 балл.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 31

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.