Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077
Xизматни баҳолаш

Халқ таълими вазири У.И.Иноятовнинг маърузаси

2016.04.24 | Маърузалар

Миллий матбуот маркази

21.04.2016 соат 11:30

 

Халқ таълими тизимида чет тилларини ўрганишни такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида

  Ассалому алайкум, ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари ва  анжуман иштирокчилари !

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида” ги қарорининг қабул қилиниши соҳада туб ислоҳотларни бошлаб берди.

Ўтган давр мобайнида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилиб келмоқда. Булар ҳақида батафсил олдинги матбуот анжумналарида маълумот бериб ўтгандик.

Бугунги кунда Республикадаги 9692 та умумтаълим мактабларининг  барчасида чет тиллари (инглиз тили 8543 та мактабда 3,01 млн.  нафар, немис тили 1589 та мактабда 316 минг нафар, француз тили 1076 та мактабда 216 минг нафар, бошқа (испан, ҳинд, араб, корейс, хитой ва ҳ. кз тиллар 27 та мактабда 6300 нафар ўқувчига) ўргатилмоқда.               

Ушбу ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфларида 631,2 минг, 2-синфларда 583,5 минг нафар, 3-синфларда 539,3 минг нафар ўқувчилар чет тилини ўрганмоқда (ўртача 94,2% инглиз, 3,4% немис, 2,4% француз).

Улар учун 641 365 нусха чет тили дарсликлари (594 281 нусха “Инглиз тили”, 26 905 нусха  “Немис тили”, 20 179 нусха “Француз тили”) дарсликлар чопт этилиб, жойларга етказилди. Қолаверса, 2-синф ўқувчиларига 591 860 нусха машқ дафтарлари (547 654 нусха “Инглиз тили”, 25 103 нусха “Немис тили”, 19 103 нусха “Француз тили”), 3-синф ўқувчиларига 1 185 998 нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари (550 274 нусхадан “Инглиз тили”, 23 610 нусхадан “Немис тили”, 19 115 нусхадан “Француз тили”) чоп этилди.

Эътиборли томони, мазкур дарслик мажмуалари маҳаллий муаллифлар томонидан хорижлик консультантлар ёрдамида мактаб ёшидаги болаларнинг психологик ва ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда яратилди. Қолаверса, ушбу янги авлод дарслик-мажмуалар бевосита Тошкентдаги Британия кенгаши, Гёте институтути ва Франция элчихонаси билан ҳамкорликда хорижий экспертлар томонидан экспертизадан ўтказилиб, такомиллаштирилмоқди.

Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишларни давом эттириб, шу йилнинг 11 январидан 20 мартига қадар 4-синфлар учун чет тилларидан яратилган дарслик мажмуалари тажриба-синовдан ўтказилди. Тажриба-синов ишлари инглиз тилидан 75 та, немис тилидан 28 та ва француз тилидан 28 та таянч мактабларда олиб борилди.

 Қайд этиш лозимки, 4-синф ўқувчилари учун “Kids’ English-4” дарслик мажмуаси тажриба-синовлари олдинги йилларда бу борада муайян тажрибага эга бўлган экспериментатор-ўқитувчилар томонидан ўтказилди.

Тажриба-синов ҳамда амалиёт натижалари, экспериментатор ҳамда амалиётчи ўқитувчилар фикрларини инобатга олган ҳолда хорижий экспертлар, тилшунослар ёрдамида чет тиллари бўйича 4-синф учун дарслик мажмуаларини (ўқувчи китоби, ўқитувчилар учун методик қўлланма, мультимедиа иловалари) такомиллаштирилди.

Бугун Сизларга мазкур янги авлод дарслик-мажмуаларини муаллифларининг ўзлари тақдимот қилиб беришади.

 

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

 

Чет тили абинетларини жиҳозлаш масаласида ҳам ишлармизни давом эттирдик. Бошланғич синфларда чет тилларини ўқитиш учун 17222 та чет тили хоналари тайёрланди ва уларнинг барчаси DVD-магнитола, ўқув-кўргазмали қуроллар, луғат ва адабиётлар билан таъминланди. 2014 йилда 2457 та бошланғич синфларга ноутбук компьютерлар, проектор ва бошқа техник воситалар етказилган бўлса, 2015 йилда 4193 та бошланғич ва 1500 та 5-9-синфлар учун жиҳозлар етказиб берилди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 5-9 синф чет тиллари кабинетлари учун жами 2 985 тўплам (2013 йилда 1485 синф тўплам, 2014 йилда 1500 синф тўплам) компьютер техникалари етказиб берилган.

Жорий йилда умумтаълим мактабларининг 1-4 синф чет тиллари кабинетлари учун 5286 синф тўплам техник воситалар (ноутбук, проектор, овоз кучайтиргич, сичқонча, TV-тюнер, маркерли доска ва бошқа) ва 5-9 синф чет тиллари кабинетлари учун 2800 тўплам компьютер техникалари харид қилиниши режалаштирилган. Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан 1-4 синф чет тиллари кабинетлари учун 6775 синф тўплам техник воситалар жойларга етказиб берилган.

Чет тили хоналарига етказиб берилаётган замонавий техник воситалар, кўргазмали қуроллар ўқитувчиларга тўлақонли ва сифатли дарс ўтишлари учун қўл келмоқда. Айниқса, болаларнинг видеолавҳаларни кўриб, аудио материалларни эшитиб, ўйинларда бирга иштирок этишлари уларни чет тилини ўрганишга бўлган қизиқишини янада ошишига хизмат қилмоқда.

 

Ҳурматли матбуот анжумани иштирокчилари,

 

Таълим жараёнларида унинг сифат ва самарадорлигини таъминлашда педагог маҳорати муҳим омил саналади. Шу маънода вазирлик чет тили ўқитувчилари сони ва сифатига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Бугунги кунда Республикамиз умумтаълим мактабларида қарийб  29 мингга яқин чет тили фани ўқитувчилари (23 390 нафар инглиз тили, 3300 нафар немис тили ва 2283 нафар француз тили ўқитувчилари) фаолият кўрсатишмоқда.

2013-2014 йилларда махсус ишлаб чиқилган 144 соатлик дастур асосида умумтаълим мактабларининг барча чет тили ўқитувчилари қайта тайёрланди, шунингдек,  1-2-3 синфларда дарс берувчи ўқитувчилар (ҳар йили 18 минг нафардан) дарслик мажмуаларидан фойдаланишга ўргатиш методикаси бўйича махсус 36 соатлик дастур асосида қўшимча тайёргарликдан ўтказилди.

  Чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада ошириш мақсадида, 2015 йил март ойидан бошлаб алоҳида ҳукумат қарори билан чет тили ўқитувчилари учун амалдаги малака ошириш  жараёнига қўшимча равишда (ҳафтада бир марта 6 соатлик) касбий маҳоратини оширишга мўлжалланган  узлуксиз малака ошириш курслари ташкил этилди. Чет тили ўқитувчилари учун методик кун ҳисобланмиш жума кунлари барча ўқитувчилар белгиланган таянч мактабларда тўпланади ва уларни махсус тайёрланган тренерлар ўқитади.

Мазкур курсларда Республикадаги барча чет тили ўқитувчилари ўз ҳудудларидаги 600 дан ортиқ таянч мактаблар базасида 1000 га яқин малакали тренер-ўқитувчилар ёрдамида малакаларини оширмоқдалар.

Биз чет тилларини ўрганишни такомиллаштиришда нафақат миллий балки жаҳон тажрибасига, дунёнинг энг илғор давлатлари методикасини ўрганишга ҳам эътибор қаратаяпмиз. Жумладан, ўтган йили илк маротаба 42 нафар йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчилари Буюк Британиянинг “St.Mark & St.John” университетида ихтисослик бўйича малака оширишди.

Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида бир йилдан кейин 4-синфни битирадиган болажонлар дарсга оид кўрсатмаларни, ўқитувчи нутқини, кичик ҳажмдаги эртакларни, тенгдошларининг тасмага ёзилган нутқлари, диалоглар ва шеърларини тинглаб тушунишлари,  ўрганаётган чет тилида саломлаша олишлари, ўзини таништиришлари, таклиф этиши, сўраши, содда саволларга жавоб бера олишлари ва ёшига мос ўрганилган мавзуларда гапира олишлари кутилмоқда. Содда матнларни ўқий олишлари, муайан маълумотларни қидириб топишлари, табриклар, эслатмалар, содда саволларга жавоб ёза олишларини, чет тилида СМС жавоблар юбора олишларига эришиш мақсад қилиб қўйилган.

Яратилаётган шароитлар натижасида 1-синф ўқувчилари 150 та сўзни, 2- ва 3-синфларда ўқувчилар ўқиш, ёзиш ва чет тилида мулоқотда бўлишни ўрганишди, уларда гаплашиш кўникмалари (400 та сўз) шаклланди. Умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг 5-6-синф ўқувчиларига нисбатан оғзаки нутқда сўзлар луғати бойлиги, талаффузи ва сўз бирикмаларидан фойдаланиш даражаси бўйича устунлиги кузатилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Муҳтарам Президентимиз бизнинг олдимизга вазифа қилиб қўйган жамиятда тил ўрганиш учун қулай муҳит яратиш,  замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодга чет тилларини ўргатиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган авлодни камол топтириш, жонажон Ватанимиз манфаатларини жаҳон миқёсида муносиб ҳимоя қилоладиган ёшларни вояга етказиш йўлидаги ишларимиз ҳали кўп. Бу йўлда Сиз азиз ОАВ вакиллари билан доимо узвий ҳамкорликда ишлаймиз. 

Мавзуга оид саволлар бўлса, бугун бу ерда вазирликнинг барча масъул бошқарма бошлиқлари ва республика ташкилотлари раҳбарлари тўпланишган.

Ҳозир эса ижозаатингиз билан сўзни 4-синфлар учун яратилган “Kid`s English - 4” дарслиги муаллифларига берсак, улар бизга янги дарслик ҳақида батафсил маълумот беришади.

Эътиборларингиз учун раҳмат.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 26

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.