“Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танлови

2015.03.05 | Танловлар

“Йилнинг энг яхши мактаб директори-2014” кўрик-танловининг ресублика босқичи ғолиблари рўйхати

 


“Йилнинг энг яхши мактаб директори-2013” кўрик-танловининг ресублика босқичи ғолиблари рўйхати

 


“Йилнинг энг яхши мактаб директори-2012” кўрик-танловининг ресублика босқичи ғолиблари рўйхати

 

 

“Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаб директорлари (кейинги ўринларда мактаб директорлари) ўртасида “Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Кўрик-танлов “Маҳоратли бошқарув – таълим самарадорлигини ошириш омили” шиори асосида ташкил этилади.

2. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш ихтиёрий, ошкоралик, холислик, тенглик тамойилларига асосланган ҳолда амалга оширилади.

3. Кўрик-танлов шартлари, унинг ўтказилиш жараёни ва натижалари тўғрисидаги ахборотлар вазирликнинг www.uzedu.uz расмий сайтидаги “Замонавий мактаб директори” рукнида ҳамда “Халқ таълими" ахборотномасида саҳифаларида бериб борилади.

Кўрик-танловнинг мақсади

4. Мактаб директорлари орасидан илғор, ташаббускор, ижодкор, масъулиятли, замонавий директор талабларига жавоб берадиган, компетентли ва жамоани мақсад сари интилишга йўллай оладиган директорларни аниқлаш ҳамда уларнинг фаолиятини кенг жамоага тарғибот этиш.

Кўрик-танловнинг вазифаси

5. Мактаб директорларининг ижодий қобилиятини, ижодкорлигини, ишбилармонлигини, ташаббускорлигини ривожлантириш, касбий маҳоратининг руёбга чиқишига кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

 мактаб директори ва педагогик жамоанинг Кадрлар тайёрлаш миллий модели ва унда белгиланган вазифалардан хабардорлиги, давлат ва жамият, узлуксиз таълим, фан, ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий модернизация жараёнида сифатли кадрлар тайёрлаш каби билимларини ошириш;

аниқланган илғор, замонавий тажрибаларни оммалаштириш ва кенг тарғиб этиш, уларни келажак мактабини яратишга йўналтириш;

мактаб директорлари орасидан юксак касб маҳоратига эга бўлган, директорлик лавозимининг ҳақиқий эгаларини саралаб олиш ҳамда маълумотлар банкини шакллантириш;

мактаб директорининг ижтимоий ва касбий ижобий имиджини шакллантириш;

намунали ва илғор иш тажрибаларни “Таълим менежменти” илмий-методик журналида ёритиш;

мактабларда таълим-тарбия самарадорлигини оширишдаги бошқариш технологиясини аниқлаш;

раҳбарнинг юксак маънавияти, маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳамда унинг ташаббускор ва ижодкорлигини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш.

II. Кўрик-танловни ўтказиш тартиби

6. Кўрик-танловда камида уч йил директорлик иш тажрибасига эга, меҳнат жамоаси ўртасида обрўли, мактабда соғлом муҳитни ярата олган, кейинги 3-5 йил давомида педагогик жамоаси муайян натижаларга эришган, ўз касбига фидоий, садоқатли, компетентли, ижодкор, ташаббускор бўлган мактаб директорлари иштирок этиши мумкин.

7. Кўрик-танловда иштирок этиш учун ҳар йили 1 мартгача бўлган муддатда Республика ташкилий қўмитасига “Келажак мактаби” мавзусида ўзининг концепция материалларини (концепция ҳажми камида 10 бетдан иборат Times New Roman 14 шрифтда) ҳамда концепция муаллифи ўзи ҳақидаги объективкани director@xtv.uz электрон манзилига юбориши керак.

Ҳар бир иштирокчи ўзи раҳбарлик қилаётган мактабда таълим-тарбияни ривожлантириш бўйича “Келажак мактаби” мавзусини танлайди ва қуйидаги талаблар асосида ўз концепциясини баён этади.

Мактаб фаолиятини таҳлил қилиш

8. Концепцияда қуйидагилар ёритилиши лозим:

“Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларидан келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасида қилинаётган амалий ишлар кўлами. Мактаб директори бошқарувнинг замонавий усулларидан воқифлиги, таълим соҳасини ривожлантириш, хусусан ўзи раҳбарлик қилаётган мактабнинг келажагини кўра олиши, кадрлар таркибининг салоҳияти, кадрлар тайёрлаш миллий модели мазмунини ўзлаштириши, ўқитувчилар малакасининг ўз вақтида оширилиши, мактаб раҳбари ҳамда ўқитувчиларнинг ахборот-коммуникация технологияларини билиши ва чет тилларини ўзлаштириши.

Шунингдек, концепция матнида мактабда ободонлаштириш ишларининг олиб борилиши, моддий-техника базаси, спорт зал ва майдончалари, бинонинг ва жиҳозларнинг сақланиш ҳолатига доир маълумотларга эътибор бериш. Умумий ўрта таълим тизимига жаҳон ва миллий педагогика йўналишидаги тажрибаларни, психология ва ўқитиш методикасини, замонавий педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш даражасини инобатга олиш. Баркамол авлоднинг таълим-тарбия олиши, ўқитишнинг сифати ва уни яхшилаш, педагог кадрларнинг маҳоратини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва бошқалар.

Келажак мактаби лойиҳасини яратишдан мақсад (мақсадда аниқланган муаммоларни ҳал этилиши, нима қилмоқ керак?, қачон?, қаерда? каби саволлар ва уларнинг ечимлари кўрсатилиши лозим).

Резюме (лойиҳани қисқача мазмунини ифодалаш, бунда реал, муайян, тушунарли, аниқ, қисқа, эриша оладиган масалалар ёритилиши лозим).

Лойиҳанинг вазифаси (вазифани ёритишда унинг ўлчамга, ҳудудга эгалиги, аниқ реал муддатлари белгиланган ҳолда ёзилиши лозим).

Лойиҳани амалга ошириш йўллари, усуллари (лойиҳанинг мақсадидан келиб чиққан ҳолда нима иш қилиниши, ишни ким амалга ошириши, қандай ресурслардан фойдаланиши аниқ ифодаланиши лозим).

Лойиҳани амалга ошириш босқичлари (белгиланган вазифаларни босқичларга тақсимлаган ҳолда ифодалаш лозим).

Лойиҳадан кутилаётган натижа (иштирокчи томонидан берилган лойиҳа амалга оширилса, қандай натижага эришилади. Лойиҳадан кутилаётган натижага эришилиши аниқ ифодаланиши лозим).

III. Кўрик-танловнинг Республика босқичини ўтказиш тартиби

9. Танлов, эксперт ва апелляция комиссиялари, ҳакамлар ҳайъати таркиби ҳамда кўрик-танловнинг Республика босқичи иштирокчилари рўйхати ташкилий қўмитанинг қарори билан тасдиқланади.

Танлов комиссияси

10. Республика ташкилий қўмитасига тақдим этилган концепция материаллари малакали ўқитувчилар ва масъул ходимлардан иборат танлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, натижасига кўра юқори кўрсаткичларга эга бўлган мактаб директорлари кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этиш учун тавсия этилади.

11. Танлов комиссияси қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида иштирокчиларнинг яратган концепциясини баҳолайди:

ўзи раҳбарлик қилаётган умумий ўрта таълим мактабининг фаолиятини тўғри, асосли ва муаммоларни кўрган ҳолда ёрита олиши;

муаммо ёки эҳтиёжни аниқлай олганлиги ва уни ҳал қилиш учун лойиҳада аниқ таклиф ишлаб чиқилганлиги;

лойиҳада мақсадни аниқ, тушунарли ва пухта қўйилганлиги;

лойиҳада амалга оширилиши мумкин бўлган вазифаларнинг белгиланганлиги;

лойиҳани бажариш босқичлари ва амалга оширишга оид белгиланган ресурслар ва вақтнинг реаллиги;

қандай вазиятда қачон?, қаерда?, қандай ўзгаришларга олиб келиши, кўрсаткич қанчага ошади, кўрсатилган вазифаларда қандай ўзгаришларга олиб келишини ифодаланганлиги.

Эксперт комиссияси

12. Эксперт комиссияси Республика босқичига иштирок этиш учун тавсия этилган директорлар ишлайдиган мактаб фаолиятини жойида ўрганади, ҳужжатларни таҳлил қилади ва баҳолайди.

13.  Эксперт комиссияси томонидан мактаб фаолиятини жойида ўрганиш босқичи қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида жами 50 балл билан баҳоланади:

мактаб ўқувчиларининг ўзлаштириш мониторингини тизимли равишда ташкил этилганлиги, ўқитувчиларнинг малака тоифаси (Давлат тест марказининг аттестация натижалари), директорнинг “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифалардан воқифлиги, чет тилини билиши – 5 балгача;

ўқув-тарбия жараёнининг ташкил этилиши – 5 балгача;

касбга йўналтириш ишларининг тизимлилиги – 5 балгача;

ободонлаштириш ишлари, моддий-техника базаси, бинонинг ва жиҳозларнинг сақланиш аҳволи – 5 балгача;

кадрлар салоҳияти – 5 балгача;

дарс жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши ва чет тилларни билиши – 5 балгача;

ўқитувчиларнинг ўз вақтида малака ошириши – 5 балгача;

ўқувчиларнинг “Билимлар беллашуви”даги иштироки – 5 балгача;

спорт зал ва спорт майдонларидан самарали фойдаланиши, “Умил ниҳоллари” ва бошқа спорт мусобақаларидаги ўрни – 5 балгача;

концепция билан ҳақиқий ҳолатнинг мослиги – 5 балгача.

14. Танлов комиссиясининг ижобий хулосасига кўра кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган ва уларнинг иш фаолиятини жойида ўрганиш натижалари асосида ғолиб деб топилган директорлар кўрик-танловнинг кейинги турларида иштирок этади.

15. Кўрик-танловнинг Республика босқичи 3 турда ўтказилади.

1-тур. Дарс кузатиш ва таҳлил қилиш – 20 балл.

2-тур. Педагогик кенгашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартибини белгилаш – 15 балл.

3-тур. “Келажак мактаби” мавзусида 5 дақиқали тақдимот– 15 балл.

Ҳакамлар ҳайъати

16. Кўрик-танловнинг Республика босқичини ўтказиш учун таълим муассасаси раҳбарлари, методистлардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби тузилади.

17. Ҳакамлар ҳайъати тасдиқланган баҳолаш мезони асосида иштирокчилар билимини баҳолайди ва уларнинг балларини умумлаштирган ҳолда кўрик-танлов ғолибларини аниқлаб беради.

18. Кўрик-танловнинг Республика босқичидаги ҳар бир тур топшириқларининг материаллари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази томонидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, кўп вариантлилик асосида махфийлиги таъминланган ҳолда тайёрланади.

Апелляция комиссияси

19. Кўрик-танлов иштирокчилари томонидан билдирилган оғзаки ёки ёзма ариза ва эътирозлар жойида апелляция берувчи директор иштирокида комиссия аъзолари томонидан шу куннинг ўзида кўриб чиқилади ҳамда хулосалар расмийлаштирилади.

IV. Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш

20. Кўрик-танловнинг Республика босқичи ғолибларига ўрнатилган тартибда Халқ таълими вазирлигининг “Йилнинг энг яхши мактаб директори” I-даражали дипломи, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, энг кам иш ҳақининг 9-баравари миқдорида пул мукофоти берилади.

21. Республика босқичида иштирок этган мактаб директорларининг иш тажрибалари Республика ва вилоят миқёсида оммалаштирилади ҳамда улар иштирокида семинарлар ташкил этилади.

22. Кўрик-танлов ғолиблари Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари,  Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.

23. Кўрик-танловнинг Республика босқичида қатнашган мактаб директорлари (ғолиблардан ташқари) кейинги йилда иштирок этиши мумкин.

Кўрик-танловнинг баҳолаш мезонлари

1-тур. Дарс кузатиш ва таҳлил қилиш.

 Иштирокчи томонидан бир соатлик дарс жараёни кузатилади ва таҳлил қилинади ҳамда жами 20 балл билан баҳоланади.

Иштирокчилар бир вақтда умумий ўрта таълим мактабида 1 соат дарс кузатади ва кузатилган дарси юзасидан ҳакамлар ҳайъати аъзоларига дарс ўтган ўқитувчилар иштирокида таҳлил қилиб беради. Дарс таҳлили учун ҳар бир иштирокчига 5 дақиқа вақт ажратилади.

Дарс таҳлили қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

дарснинг кузатиш мақсадини белгиланганлиги – 2 балл;

дарснинг ташкил этиш босқичини таҳлил қилиниши – 2 балл;

янги мавзуни ўқувчиларга тушунтириш жараёнининг таҳлили – 4 балл;

дарс мазмунини ва ўтиш методларини таҳлил қилиши, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши – 4 балл;

ўқувчиларнинг мустақил ишларини ташкил қилиши – 2 балл;

ўқитувчининг ўқувчиларга бўлган муносабати – 2 балл;

янги мавзуни мустаҳкамлаш, ўтилган мавзуни сўраш жараёни – 2 балл;

ўқувчилар билимини баҳолаш, уй вазифасини бериш – 2 балл.

Дарс таҳлил қилиш жараёнида иштирокчи фикрининг аниқлиги, педагогик ва психологик жиҳатдан асосланганлиги, тушунарлилиги ва натижавийлиги ҳам ҳакамлар томонидан эътиборга олинади.

2-тур. Педагогик кенгашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартибини белгилаш.

Мактаб директори ўз лавозим вазифасига кўра педагогик кенгаш йиғилишининг раиси ҳисобланиб, уни ташкил этиш учун тайёргарлик кўради ва ўтказади. Педагогик кенгашнинг кун тартиби мавзулари қуръа ташлаш йўли билан аниқланади. Иштирокчи мавзу асосида педагогик кенгашга тайёргарлиги, ўтказиш сценарияси ҳамда кенгаш баёнини компьютерда ёзади, принтердан чиқаради ва белгиланган 3 соат ичида топширади. Ҳакамлар ҳайъати томонидан педагогик кенгаш баёнлари текширилиб жами 15 балл билан баҳоланади.

Педагогик кенгаш баёни қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

педагогик кенгашнинг ўтказиш тартибини миллий модел талабларига мослиги – 2 балл;

ўқувчиларда мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, таълимнинг кейинги босқичини онгли равишда танлашларига йўналтириш учун ўқитувчининг педагогик-психологик тайёргарлик даражасини оширишга эътиборнинг қаратилганлиги – 3 балл;

педагогик кенгашнинг ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнини тўғри ва тизимли баён этилганлиги – 2 балл;

педагогик кенгашнинг ўтказиш технологиясини тўғри танланганлиги, барчани жалб қиладиган усуллардан ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши, йиғилиш иштирокчилари фикрини ифодалаши  учун шароит яратилганлиги – 4 балл;

педагогик кенгашда қабул қилинган қарорларнинг ҳамма учун тушунарлилиги ва мақсадли бажаришга йўналтирилганлиги – 2 балл;

педагогик кенгаш баёнининг тўғри расмийлаштирилганлиги – 2 балл.

3-тур. “Келажак мактаби” мавзусида 5 дақиқали тақдимот.

Иштирокчи тақдимот тайёрлашда ўзи фаолият олиб бораётган мактабнинг келажакда қандай бўлишини ифодалаши лозим.

Жами 15 балл билан баҳоланади.

Тақдимот қуйидагича баҳоланади:

Иштирокчи томонидан инновацион ғояларни аниқлаш, умумлаштириш, улардан фойдаланиш, таҳлил қилиш ва тажрибада қўллашга йўналтира олиши – 3 балл;

танлаган йўлининг тўғрилигини ҳимоя қилиши – 3 балл;

АКТдан мустақил фойдалана олиши – 1 балл;

нутқ маданияти – 1 балл;

дунёқарашининг кенглиги – 3 балл;

аудиториядагилар диққатини жалб қила олиши – 1 балл;

ўқув жараёни учун қимматлилиги – 2 балл;

регламентга риоя қилиши – 1 балл.

 

Умумий 100 балл. Энг кўп балл тўплаган иштирокчи кўрик-танловнинг ғолиби ҳисобланади.

Рўйхатдан ўтиш





Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 33

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.