Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077
Xизматни баҳолаш

Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар

2015.03.04 | Танловлар

“Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар – 2014” кўрик-танлови НИЗОМИ

I.Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар – 2014” кўрик-танловини ташкил етиш ва уни ўтказиш тартибини белгилаб беради.

2. Расмий номи: “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар – 2014” кўрик-танлови.

3. Низом матнидаги қисқа номи: Кўрик-танлов.

4. Кўрик-танлов ташкилотчилари:

            Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги;

            Халқ таълим вазирлиги ҳузуридаги Мултимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази;

            “ZiyoNET” Ресурс марказининг Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бўлими.

5. Кўрик-танловнинг расмий веб-сайти: http://tanlov.uzedu.uz

II. Кўрик-танловнинг мақсад ва вазифалари

6. Кўрик-танлов мақсади:

            Халқ таълим тизимидаги таълим муассасалари, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг сайтларини яратиш ва тарғибот қилиш орқали ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ижодий фаоллиги ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга қизиқишини ошириш.

7. Кўрик-танлов вазифалари:

            Таълим муассасасининг таълим-тарбия жараёнига замонавий АКТни кенг жорий этиш;

            таълим муассасаси веб-сайтларини мактаб-оила, ота-она ва болалар, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги мулоқот шакли тарзида шакллантириш;

            ўқитувчиларнинг таълим бериш жараёнида АКТ воситаларидан фойдаланиш бўйича мустақил малака оширишларига қизиқиш уйғотиш ва ўз устида ижодий ишлашга жалб етиш;

            Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг интернет тармоғидаги фаолиятига жамоатчилик еътиборини қаратиш.

III. Кўрик-танловни ўтказиш тартиби

8. Кўрик-танловда барча UZ домен зонасида рўйхатдан ўтган, веб-сайт хостинги Ўзбекистонда бўлган;

            умумий ўрта таълим, болалар мусиқа ва санъат, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари;

            халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари ўқитувчилари;

            тарбиячилари (педагоглар, тренерлар, мусиқачилар, рассомлар, услубчилар) ва ўқувчилари ўз сайтлари билан иштирок етишлари мумкин.

9. Кўрик-танловни ўтказиш тартиби:

            Кўрик-танловда қатнашиш учун талабномалар 2014 йилнинг 20 апрелидан 20 майига қадар қабул қилинади;

            Ҳакамлар ҳайъати томонидан талабнома берилган барча сайтларни баҳолаш ва ҳар бир номинация бўйича 10 тадан ғолибликка даъвогар иштирокчиларни танлаб олинади;     Ҳар бир номинация бўйича ғолиблар ва совриндорларни аниқланади;

            Кўрик-танлов натижалари бўйича маълумотлар ва ўтказиш муддатлари tanlov.uzedu.uz веб-сайти орқали эълон қилинади.

10. Ҳакамлар ҳайъати.

            Кўрик-танловда қатнашган халқ таълими тизимидаги таълим муассасаси, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг веб-сайтларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан Халқ таълими тизими мутахассислари, веб-технологиялар бўйича эксперт-мутахассислардан, ўқитувчилардан таркиб топган Ҳакамлар ҳайъати тузилади.

            Ҳакамлар ҳайъати томонидан қўйилган балларга нисбатан ёзма мурожаатлар кўрик-танлов натижалари еълон қилинган кундан бошлаб 3 кун ичида қабул қилинади ва кўриб чиқилади. Кейинги еътирозлар инобатга олинмайди.

11. Сайтларни баҳолаш мезонлари

            Кўрик-танловга тақдим етилган веб-сайтлар қуйидаги баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади:

            веб-сайтнинг дизайни;

            веб-сайтнинг мазмуний бойлиги, актуаллиги;

            веб-сайтнинг функсионаллиги ва унинг ишлатишдаги қулайлиги;

            веб-сайтнинг педагогик аҳамияти (сайтдаги услубий иш);

            интерактивлик ва қайта алоқа;

            бажарилишининг сифати;

            умумий таассурот.

IV. Талабномаларни қабул қилиш тартиби

12. Кўрик-танловда иштирок етиш учун талабномалар http://tanlov.uzedu.uz сайти орқали қабул қилинади ва рўйхатга олинади. Талабномаларни сайтга киритиш учун http://xt.uzedu.uz тизими орқали аутентификациядан ўтиши керак. Кўрик-танловда қайси номинация бўйича иштирок етишидан қатъий назар, белгиланган шаклларга маълумотларни тўлиқ киритиш лозим.

13. Иштирокчи қайси номинацияда иштирок этишидан қатъий назар талабномада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

            муассаса рақами (мактаб ёки бошқа) ва унинг номи;

            ҳудуд, туман (шаҳар) кўрсатилган почта манзили;

            муассаса сайтининг веб-манзили;

            муассаса раҳбарининг Ф.И.Ш.;

            масъул шахснинг Ф.И.Ш;

14. Ўқитувчи ёки ўқувчининг талабномаси қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим: иштирокчининг Ф.И.Ш.;

            талабнома берган иштирокчи ўқийдиган ёки ишлайдиган муассасанинг рақами (номи);

            яшаш манзили;

            телефон рақами;

            электрон манзили (е-маил);

            сайтнинг веб-манзили.

15. Кўрик-танлов иштирокчиларининг узун ва қисқа рўйхатларини аниқлаш

            Узун рўйхат Ташкилий қўмита ташкил етадиган ишчи гуруҳ томонидан чегараланмаган ҳолда тузилади.

            Қисқа рўйхат Ишчи гуруҳ томонидан аниқланади ва ҳар бир номинация бўйича 10 нафардан фаол иштирокчилар танлаб олинади.

            Ғолиблар ва совриндорлар Ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзосининг алоҳида овоз бериши билан кўрик-танловнинг якуний босқичида аниқланади.

16. Кўрик-танлов ғолибларини мукофотлаш

            Кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорлари қуйидаги учта номинация бўйича қимматбаҳо совгъалар ва дипломлар билан тақдирланадилар:

            1-номинация – энг яхши таълим муассасаси веб-сайти;

            2-номинация – энг яхши ўқитувчи веб-сайти;

            3-номинация – энг яхши ўқувчи веб-сайти.

            Кўрик-танловнинг “Энг яхши таълим муассасаси веб-сайти” номинацияси бўйича совғалар, дипломлар муассаса раҳбарига ёки муассасанинг ваколат берилган вакилига тақдим етилади.

            Кўрик-танловнинг “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти”, “Энг яхши ўқувчи веб-сайти” номинациялари бўйича совғалар, дипломлар бевосита ўқитувчига ёки ўқувчига топширилади.

            Хоҳиш билдирган муассаса ва ташкилотлар кўрик-танловнинг ҳамкорлари бўлишлари ва қўшимча номинациялар таъсис этишлари мумкин. Таклифлар учун електрон почта манзили: tanlov@.xtv.uz.

V. Низомга ўзгартиришлар киритиш тартиби

17.Кўрик-танловни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита томонидан ушбу Низомга кўрик-танлов иштирокчилари ва Ҳакамлар ҳайъатига маълум қилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин.

            Тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича маълумотлар кўрик-танловнинг махсус сайтида ёритиб борилади.

Манба: tanlov@.xtv.uz.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 21

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.