Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077
Xизматни баҳолаш

“Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ижодий танлов

2016.03.31 | Танловлар

Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида

“Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ижодий танловининг

НИЗОМИ

 

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ижодий ишлар танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

 

II. Танловнинг мақсади

2. Ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятларини, ватанпарварлик туйғуларини ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ривожлантириш, улар қалбида ёт ғоя таъсирларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш.

3. Мустақил ва эркин фикрловчи, қатъий эътиқодга эга бўлган юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли, мустақиллик тамойилларига содиқ, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини ёш авлод онгига чуқур сингдириш.

 

III. Танловни ташкил этиш тартиби

4. Танлов умумтаълим мактабларининг 5-9-синф ўқувчилари ўртасида шеър, иншо ва расм йўналишларида тўрт босқичда ўтказилади.

5. Танлов босқичлари:

1-босқич – мактаб босқичи: жорий йил 25 апрелга қадар умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилади.

2-босқич – туман (шаҳар) босқичи: жорий йил 5 майга қадар барча мактаб босқичи ғолиблари иштирокида туман (шаҳар) “Баркамол авлод” болалар марказларида ўтказилади.

3-босқич – ҳудудий босқич: жорий йил 15 майга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар “Баркамол авлод” болалар марказларида ўтказилади.

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари ўқувчиларига тўғридан-тўғри 3-босқичда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

4-босқич – республика босқичи: жорий йил 1 июнга қадар “Баркамол авлод” Республика болалар бадиий ижодиёт марказида ўтказилади.

6. Танловнинг 1-босқичида 5-9-синф ўқувчилари ўзлари танлаган йўналишда тўлиқ иштирок этиши лозим.

7. Танловнинг мактаб босқичида ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўринни эгаллаган 1 нафардан ўқувчи 2-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини, туман (шаҳар) босқичида      1-ўринни эгаллаган 1 нафардан ўқувчи 3-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини, 3-босқичда 1-ўринни эгаллаган 3 нафардан ўқувчи 4-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

8. Танловнинг 1-босқичини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар мактаб директорларининг, 2-босқич ташкилий ишлари туман (шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимларининг, 3-босқич ташкилий ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг тегишли буйруқлари билан тасдиқланади.

9. Танловнинг 1-босқичи якуний натижалари ва 2-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган (мактабда ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўринни эгаллаган)  3 нафар ўқувчиларнинг ижодий ишлари ҳамда ҳакамлар ҳайъати йиғилиши қарори, мактаб ташкилий гуруҳи томонидан танлов якуни бўйича икки кун муддат ичида туман (шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимларида тузилган Ташкилий гуруҳга тақдим этилади.

10. Танловнинг 2-босқичи якуний натижалари ва 3-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган (туман (шаҳар)да ҳар бир йўналиш бўйича
1-ўринни эгаллаган) 3 нафар ўқувчиларнинг бадиий ва ижодий ишлари ҳамда ҳакамлар ҳайъати йиғилиши қарори туман (шаҳар) ташкилий гуруҳи томонидан танлов якуни бўйича уч кун муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари қошида тузилган Ташкилий гуруҳга тақдим этилади.

11. Кўрик-танловнинг 3-босқичида ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўринни эгаллаган 3 нафар ўқувчиларнинг қуйидаги ҳужжатлари ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 15 майга қадар “Баркамол авлод” Республика болалар бадиий ижодиёт марказига тақдим этилади:

-  ҳудудий босқич ҳакамлари ҳайъати қарорининг асл нусхаси;

- кўрик-танловнинг 3-босқичи ҳар бир йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллаган ғолибларнинг ижодий ишлари асл нусхаси;

- кўрик-танловнинг 3-босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг маълумотнома (объективка)си.

12. Кўрик-танловнинг республика босқичида йўналишлар бўйича
1-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг ижодий ишлари республика босқичини баҳолаш бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан жорий йил 20 майга қадар баҳоланади ва ғолиблар аниқланади.

Кўрик-танловнинг республика босқичида ҳар бир йўналиш бўйича
1-, 2-, 3-ўрин эгаллаган (жами 42 нафар) ўқувчилар Тошкент шаҳрига таклиф этилади.

13. Танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими   жорий йил 1 июнга қадар “Баркамол авлод” Республика болалар бадиий ижодиёт марказида ташкил этилади.

Шунингдек, тақдирлаш маросими олдидан ғолибларининг сараланган ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилади ва улар июнь ойида тўплам ҳолида нашр этилади.

IV. Ижодий ишларни баҳолаш мезони ва шартлари

14. Танлов иштирокчилари ўзларининг ижодий ишларини ҳакамлар ҳайъати олдида ҳимоя қиладилар.

15. Шеър ва расм йўналишларида ҳар бир иштирокчи
2 тагача ижодий ишлари билан иштирок этади. Расм йўналиши бўйича тақдим этилган ишлар ўлчами 40х60 смдан ошмаслиги лозим.

Расм йўналишидаги ижодий ишнинг орқа тарафига елимланган махсус карточкаларда қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

а) Ўқувчиларнинг исми, шарифи, отасининг исми.

б) Мактаби, синфи, ёши

в) Ўқитувчисининг исми шарифи.

г) Асар мавзуси

16. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир йўналиш бўйича иштирокчиларнинг ижодлари жами 100 баллик тизимда баҳоланади ва баҳолаш жараёнида қуйидагиларга эътибор берилади:

Иншолар йўналиши:  

  • ўқувчи-ёшларни баркамол инсон сифатида тарбиялаш бўйича юртимизда яратилган шароитлар ва бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёритилганлиги – 25 балгача;
  • турли ёт ғояларнинг салбий оқибатлари ва унинг олдини олишда миллий истиқлол мафкураси аҳамиятининг ёритилганлиги – 25 балгача:
  • ўзбек адибларининг мавзуга оид асарларидан мисоллар келтирилганлиги – 20 балгача;
  • таълим олаётган мактабида ўтказилган мавзуга оид маънавий-маърифий тадбирлардан бирининг ёритилганлиги – 20 балгача;
  • имло саводхонлиги – 10 балгача.

Шеърлар йўналиши:

  • огоҳлик ва ҳушёрликнинг тарғиб қилинганлиги – 20 балгача;
  • соғлом турмуш тарзининг тарғиб қилинганлиги – 20 балгача;
  • ёшларни турли зарарли оқимлар таъсиридан ва “оммавий маданият” хуружларидан ҳимояланишнинг тарғиб қилинганлиги– 20 балгача;
  • диний ақидапарастлик ҳамда мазкур иллатлар оқибатларининг ёритилганлиги – 20 балгача;
  • мавзу ғоясининг очиб берилганлиги – 10 балгача;
  • ёзиш қоидаларига амал қилинганлиги – 5 балгача.
  • имло саводхонлиги – 5 балгача.

Расмлар йўналиши:

- иштирокчи ижодий иши юзасидан етарлича билимга эга бўлиши, ўз ижодий ишини ҳакамлар ҳайъати олдида ҳимоя қила олиши - 20 балгача;

- мавзу ғоясининг очиб берилганлиги - 30 балгача;

- ижодий ишда ёшларни турли зарарли оқимлар таъсиридан ва “оммавий маданият” хуружларидан ҳимояланишнинг тарғиб қилинганлиги - 20 балгача;

  • ижодий ишда диний ақидапарастлик ҳамда мазкур иллатлар оқибатларининг акс эттирилганлиги – 20 балгача;

- ижодий ишда техник талабларга амал қилинганлиги - 10 балгача.

V. Ғолибларни тақдирлаш

17. Танловнинг барча босқичлари ғолиблари умумий ўрта таълим мактабларида “Эрталабки сафланиш”ларда эълон қилинади ҳамда ташкилотларчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва махсус эсдалик совғалар билан тақдирланади.

18. Умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарияти томонидан танловда ғолиб бўлган ўқувчилар ота-оналарининг иш жойи раҳбарияти ва турар жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига “Миннатдорчилик” хати юборилади.

19. Танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларида йўналишлар бўйича ғолиб бўлган иштирокчилар жойлардаги тегишли халқ таълими бошқарув органлари томонидан эсдалик совғалар ва дипломлар билан тақдирланади.

20. Кўрик-танловнинг республика босқичи иштирокчиларининг энг сара ижодий ишлари алоҳида рукн остида вазирлик муассислигидаги газета ва журналларда чоп этилади, тўплам шаклида нашр этилади ҳамда вазирликнинг веб-сайтига жойлаштирилади.

21. Кўрик-танловнинг Республика босқичи ғолиблари Халқ таълими вазирлиги томонидан қуйидаги тартибда ўринлар бўйича эсдалик совға  ва дипломлар билан тақдирланади:       

Иншолар йўналиши:

1 та - I ўрин; 1 та - II ўрин; 1 та - III ўрин;

1 та номинация: “Энг ёш иншо муаллифи”.

Шеърлар йўналиши:

1 та - I ўрин; 1 та - II ўрин; 1 та - III ўрин;

1 та номинация: “Энг ёш ижодкор”.

Расмлар йўналиши:

1 та - I ўрин; 1 та - II ўрин; 1 та - III ўрин;

1 та номинация: “Энг ёш мусаввир”.

Шунингдек, кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиблари ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланади.  

VI. Якуний қоидалар

22. Мазкур низом талабларига жавоб бермайдиган ва белгиланган муддатлардан кечикиб тақдим этилган ижодий ишлар баҳоланмайди.

23. Гуруҳ раҳбари ва иштирокчиларнинг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши ва овқатланиши билан боғлиқ сарф-харажатлар хизмат сафарига юбораётган ҳудудий халқ таълими бошқармалари ҳамда таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ўрнатилган тартибда қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 29

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.