Соҳибқирон издошлари​

2018.01.13 | Қарор ва ижро

Амир Темурнинг шижоатли, бир сўзли, қатъиятли ҳамда илм-фан ҳомийси бўлгани ҳақида тарихий манбалар орқали хабардормиз. Марказлашган қудратли давлат барпо этган буюк бобомизнинг заковати, бунёдкорлиги бугунги авлодларга ҳам ифтихор бахш этади. Айни пайтда буюк саркарданинг ҳарбий салоҳияти ва фавқулодда ғоялари ифодаси бўлган ҳарбий жанг санъати дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланма сифатида ўрганилаётгани қалбимизни фахрга тўлдиради.

Истиқлол қўлга киритилган илк йиллардаёқ Амир Темур номи қайта тикланди. Бемисл салоҳияти, давлат бошқаруви ва ҳарб соҳасидаги донолиги авлодларга намуна бўлиши учун «Темур тузуклари» қайта-қайта чоп этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча ҳарбий академик лицейлар, хусусан, Самарқанд шаҳридаги ҳарбий-қурилиш йўналишидаги академик лицейга ҳам «Темурбеклар мактаби» номи берилди.

— Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси таълим муассасамиз жамоасини беҳад қувонтирди, ўқувчиларимизнинг буюк аждодимизга муносиб издош бўлишдек масъулиятини янада оширди, — дейди Самарқанд шаҳридаги «Темурбеклар мактаби» директори Элбек Худойқулов.

— Ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда илм масканимизда замонавий реконструкция ишлари амалга оширилди. Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилишда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбийларнинг шонли хотирасини абадийлаштириш мақсадида «Замонамиз қаҳрамонлари», «Мустақил Ўзбекистоннинг мард ва жасур ўғлонлари» номли бурчаклар ташкил этилди.

Фойеда Амир Темур портрети, у барпо қилган давлатнинг харитаси, залнинг ўнг томонида мамлакатимиз харитаси, сўл томонида истиқлол йилларидаги ўзгаришлар акс эттирилган. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчиларимизни Ватанга содиқ ўғлон бўлиб улғайиш, фидойилик, матонат ва жасорат билан юрт ҳимояси йўлида хизмат қилишга руҳлантиради.

Айни пайтда мактабда таҳсил олаётган 433 нафар ўқувчига 35 нафар педагог ҳамда 23 нафар ҳарбий хизматчи таълим-тарбия бермоқда. Тажрибали ўқитувчилардан Тошкенбой Мустанов, Дилафрўз Неъматова ҳамда Сергей Отичев «Шуҳрат» медали билан тақдирланган бўлса, О.Саидов «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси» кўкрак нишони соҳиби.

Малакали мураббийлар ўқувчиларнинг ҳарбий тайёргарлиги, жисмоний қобилиятини ошириш, интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича машғулотлар олиб бормоқда. Ўқувчиларнинг давлат ва жамият олдидаги бурч ва мажбуриятини англаб етиши, китоб ўқиши, хорижий тилларни пухта ўрганиши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисалардан мунтазам хабардор бўлиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини теран идрок этишига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Мазкур мактаб ўқувчиларининг вилоят, республика миқёсидаги турли кўрик-танлов, мусобақа ва беллашувларда эришаётган муваффақияти эътиборга молик. Жумладан, 2017 йили «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Амир Темур авлодлари» ҳарбий спорт мусобақасининг республика босқичида Сардор Муҳаммедов, Умид Баҳромов, Шаҳзод Шукуровдан иборат жамоа ғолибликни қўлга киритган бўлса, ўша йили Юсуфбек Очилов каратэ бўйича ўтказилган республика чемпионатида биринчи, Осиё кубогида иккинчи ўринни эгаллади.

— Ўқувчиларнинг нафақат жисмоний салоҳиятини ошириш, балки пухта билим олишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз, — дейди мактаб директорининг ўринбосари Шерзод Рашидов. — 7600 дан зиёд ўқув, бадиий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар жой олган ахборот-ресурс марказимизни замонавий ўқув ва бадиий адабиётлар, электрон дарсликлар билан бойитдик. 450 ўринга мўлжалланган ўқувчилар тураржойида ҳам уларнинг китоб мутолаа қилиши, маданий ҳордиқ чиқариши, оммавий ахборот воситалари орқали янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиши учун қулай шароит яратилган.

Бир сўз билан айтганда, ғамхўрлик ва эътибор туфайли Самарқанддаги «Темурбеклар мактаби»да ҳам Соҳибқирон Амир Темурга муносиб ворислар таълим-тарбия олмоқда. Келгусида улар мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш мақсадида Қуролли Кучларимиз сафида ўз матонати, мардлиги ва жасурлиги билан обрў-эътибор қозонишига ишонамиз.

Ҳаким ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 30

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.