Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Асосий вазифамиз – жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтаришдан иборат

2016.01.03 | Соғлом она ва бола йили

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси
 

Азиз ватандошлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Ҳар йили Конституция кунини нишонлаш арафасида сиз, азизлар билан мана шу гўзал ва муҳташам «Ўзбекистон» анжуманлар саройида учрашиш яхши анъанага айланиб қолди.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллик байрами билан сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни самимий табриклаш, барчангизга чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишни ўзим учун юксак шараф, деб биламан.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган мамлакатимизнинг Асосий қонуни – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бугунги кунда ҳаётимизда қандай улкан, ҳал қилувчи ўрин тутаётгани ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Ҳаётимиз қомуси бўлмиш Конституциямизни юксак қадрлашимизнинг сабаби аввало унинг коммунистик мафкура асосига қурилган эски маъмурий-буйруқбозлик ва тақсимот усулидан, мустабид тузумдан бутунлай воз кечганимизни эълон қилиб, биз учун янги давлат ва жамият қуришнинг энг муҳим принцип ва мақсадларини, вазифа ва нормаларини белгилаб берганида, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибида асосан пахта хомашёси етказиб берадиган, салоҳияти паст, аҳолисининг ҳаёт даражаси энг қолоқ республикалардан бири бўлиб, тарихан қисқа даврда барқарор суръатлар билан ўсиб бораётган, кўп қиррали иқтисодиётга эга бўлган замонавий давлатга айлангани барча-барча кузатувчиларни ҳайратда қолдириши бугун объектив ҳолатдир.

Конституциямиз бугунги кунда юртимизда мустақил, суверен демократик давлат барпо этиш, кўп укладли бозор иқтисодиёти таркибида хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаш ва унинг ҳимоясини кафолатлаш, шунингдек, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий ҳуқуқий ва қонунчилик пойдеворига айланди.

Конституция ва унинг асосида яратилган қонунчилик базаси, шунингдек, 2010 йилда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, 2011 ва 2014 йилларда Бош қомусимизга киритилган тузатишлар жамиятимизни ислоҳ этиш, демократлаштириш ва либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш бўйича пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган, дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган дастур асосини ташкил этди. Айни шу модель замонавий, жадал ва барқарор ривожланиб бораётган давлатнинг шаклланишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Ҳозирги кунда жаҳон миқёсидаги улкан синов ва машаққатлар, оғир муаммоларга, глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг ҳали-бери давом этаётгани, тайёр маҳсулотлар ва асосан хомашё ресурсларига бўлган талабнинг кескин пасайиб бораётганига қарамасдан, юртимизда иқтисодиётнинг изчил ва барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда.

Бу борада баъзи бир мисолларни келтириб ўтмоқчиман.

Дунёдаги саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистонда мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёт қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд ўсди.

Кейинги 11 йилда, жумладан, жорий 2015 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари барқарор равишда 8 фоиздан юқори бўлиб келмоқда, макроиқтисодий кўрсаткичлар мутаносиблиги, давлат бюджети ва тўлов балансининг барқарор равишда профицит билан бажарилиши, экспорт ва олтин-валюта захираларининг ўсиши таъминланмоқда. Давлатнинг ташқи қарзи эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 18,5 фоиздан ошмаяпти.

Жорий йилда иқтисодиётимизга қарийб 16 миллиард доллар қийматидаги инвестиция киритилди ва бу асосий фондлар умумий ҳажмининг салкам 23,3 фоизини ташкил этади.

Ўтган 5 йил давомида иқтисодиётимизга жами бўлиб қарийб 67 миллиард доллар инвестиция йўналтирилди, бунинг 21 фоиздан ортиғи хорижий инвестициялардир.

Бунинг натижасида мамлакатимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда, ишлаб чиқариш ва саноат жадал суръатлар билан ривожланмоқда, унинг таркиби тубдан янгиланмоқда, юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар ишга туширилиб, ишлаб чиқариш модернизация ва диверсификация қилинмоқда, иқтисодиётимизнинг рақобатдошлиги ошмоқда.

Бугун биз Ўзбекистонимизда барпо этилаётган энг замонавий, улкан ва ноёб саноат объектлари билан ҳар томонлама фахрланишга ҳақлимиз. Айниқса, Сурғил кони негизида қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган Устюрт газ-кимё мажмуаси каби объектларнинг фойдаланишга топширилаётгани, «Женерал моторс» компанияси билан ҳамкорликда автомобиль двигателлари ишлаб чиқарилаётгани, «МАН» компанияси иштирокида Самарқанд вилоятида юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарадиган янги комплекс ташкил этилгани, шунингдек, Япониянинг «Исузу» компанияси билан биргаликда автобуслар ишлаб чиқарилаётгани, «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси» масъулияти чекланган жамияти базасида «Дамас» ва «Орландо» енгил автомобиллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Шулар қаторида Жиззах вилоятида 760 минг тонна портландцемент ёки 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқарадиган завод барпо этилгани, темир йўл магистралларининг электрлаштирилаётгани, юқори тезликда ҳаракат қиладиган «Тальго-250» йўловчи поездлари харид қилиниб, Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Қарши йўналишлари бўйича уларнинг ҳаракати йўлга қўйилгани ва шулар сингари бошқа ютуқларимиз барчамизга ғурур ва ифтихор етказиши муқаррар.

Насиб этса, янги йилда бу тезюрар поездларнинг Тошкент – Бухоро йўналиши бўйича қатнови йўлга қўйилади.

Янги корхоналарни ишга тушириш ва фаолият кўрсатаётган объектларни модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳисобидан юртимизда фақат охирги 5 йилнинг ўзида 5 миллионга яқин янги иш ўрни яратилгани биз учун ниҳоятда муҳим бўлган масалани ечишда катта амалий қадам бўлди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг ҳал қилувчи омили ҳақида гапирганда, аввало одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган туб ўзгаришлар, уларнинг ён-атрофдаги воқеаларга муносабати, дахлдорлик ҳисси, сиёсий фаоллиги ва фуқаролик позицияси тобора ўсиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Шу борада, ҳеч шубҳасиз, ўз вақтида, яъни бундан 18 йил олдин Кадрлар тайёрлаш ва шунингдек, Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурларини қабул қилганимиз таълим-тарбия соҳасида эски қолип ва асоратлардан холи бўлган, бугун ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган янги тизимни ҳаётимизда татбиқ этганимиз ҳақиқатан ҳам тарихий бир воқеа бўлди, десак, адашмаган бўламиз.

Бунинг натижасида мустақил ва янгича фикрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган авлодни шакллантиришга эришдик, Ватанимизнинг эртанги кунини, тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган фарзандларимиз бугун минбарга чиқмоқда.

Ўзингиз айтинг, азиз дўстларим, шунинг ўзи эртанги кунимизнинг энг мустаҳкам пойдевори эмасми?!

Қадрли ватандошлар!

Янги – 2016 йил ва келгуси йиллар амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва уларнинг самарасини кучайтиришда янада юксак босқич бўлади, деб айтишга тўла асосимиз бор.

Бу ўринда гап иқтисодиётда сифат жиҳатдан туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, чет эллик шериклар албатта акциядорлари бўладиган янги корпоратив ташкилотларни шакллантириш, мамлакатимиз иқтисодиётида давлат улушини қисқартириш, шунингдек, хорижий инвестицияларни янада кенг жалб қилиш ва бунинг учун барча зарур шароит ва преференцияларни яратиш ҳақида бормоқда.

Бу вазифаларнинг принципиал жиҳатдан янгилиги ва уларнинг сўзсиз амалга оширилиши мамлакатимизни ислоҳ этиш ва янгилаш бўйича навбатдаги босқичнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Шуни айтиш керакки, бу йўлда бизнинг олдимизда турган асосий вазифамиз – бошлаган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш, эскича қарашлардан, ўз умрини ўтаб бўлган бошқарув усулларидан бутунлай воз кечишдир.

Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда бу масалаларга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бунинг тасдиғи сифатида шу йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро инвестиция форумини эсга олишимиз ўринли бўлади.

Ушбу анжуманда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга хорижий инвесторларнинг ишончи тобора ортиб бораётгани яққол намоён бўлди. Унда дунёнинг ривожланган 33 та давлатидан нуфузли фирма ва компанияларнинг 560 дан зиёд вакили, шунингдек, етакчи халқаро молия институтлари раҳбарлари иштирок этди. Форум якуни бўйича умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд инвестиция битимлари имзоланди.

Муҳтарам юртдошлар!

Барчамиз бир ҳақиқатни эсдан чиқармаслигимизни истардим. Яъни, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёни бир уринишда ҳал бўладиган, бажариладиган вазифа эмас.

Бундай фикр билан яшайдиган бўлсак, катта хатога йўл қўйган бўламиз. Содда ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бу жараён Конституциямизда муҳрлаб қўйилган мақсадларимиз ва принципларни амалга ошириш йўлидаги узлуксиз давом этадиган, ҳаётимизни кундан-кунга фаровон, эркин ва озод қиладиган жараён, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Шу қарашларни инобатга олган ҳолда, биз бугун ҳеч кимдан кам бўлмайдиган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қураётган эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Конституциямизнинг энг муҳим принципларидан бири, «ўзбек модели» деб ном олган янги жамият барпо этишнинг 5 принципидан бири бўлмиш қонун устуворлиги ва қонунчиликка риоя қилиш принциплари амалда қандай ўрин тутаётгани ҳақида гаплашиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Ҳеч кимга сир эмас, фақатгина ҳуқуқий давлат шароитида демократик тартибга эришилади ва шундай тартиб сақланади, демократик институтлар ва қадриятлар ҳаётга татбиқ этилади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, энг асосийси, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси амалда таъминланади.

Моҳиятан олиб қараганда, бу ўринда гап нафақат қабул қилинган қонунлар ва қонунчилик нормаларини сўзсиз бажариш ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, қонун ва қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишда уларнинг умумий принцип ва механизмларини белгилаб қўйиш билан чегараланмаслик керак. Бу аввало олдимизда турган вазифаларимиз сари илгарилаб боришимизни таъминлаб бериши зарур.

Афсуски, кўп ҳолатларда бу қонунларга мувофиқ белгиланган нормаларни қандай вазиятда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берадиган ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини аниқлаб берадиган ҳужжатларни қабул қилишни кейинга сурамиз.

Бундай тажриба шунга олиб келадики, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш соҳасидаги кўпгина масалалар зарур ва энг оддий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланмай қолади.

Шу муносабат билан Олий Мажлис, ҳукумат ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъектларнинг энг муҳим вазифаси шундан иборат бўлиши керакки, улар қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиши зарур. Токи бу қонун ва механизмлар ҳаётдаги аниқ муносабатларни кенг миқёсда амалда тартибга солиб борсин, бу муносабатларда иштирок этадиган ҳар бир субъект ўз ўрнини билсин ва ўз фаолиятида қонун талабларига асослансин.

Энг муҳими, барча тузилмалар, аввало, мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қонунларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш зарур. Бунда қонунни бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир конкрет ҳолат бўйича аниқ жазо турлари, ҳуқуқий таъсир чоралари кўзда тутилиши керак.

Шу борада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишни аниқ тартибга соладиган махсус қонун ҳужжатини қабул қилиш ва амалга ошириш, энг муҳими, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб бориш мамлакатимизда қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга хизмат қилган бўлур эди.

Яна бир муҳим вазифамиз қонун ижодкорлиги фаолиятини прогноз қилиш ва режалаштириш бўйича самарали тизим яратишдан иборатдир. Бу биз учун асосий марраларимиздан чалғимасдан, реал ҳаётдан узоқлашмасдан, нафақат давлат бошқаруви, иқтисодий тараққиёт соҳасидаги аниқ вазифаларни ҳал этишда, балки асосий мақсадимиз бўлган ҳуқуқий демократик давлат қуришни изчил амалга оширишда қандай қонунлар қабул қилишимиз кераклигини аниқ белгилаш имконини беради.

Бугунги кунда ана шу йўналишда кўплаб ишлар қилинмоқда, аммо даврнинг ўзи, янги конституциявий шароитлар бу борадаги ишларни ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган ҳуқуқий қонунчилик асосида ташкил этиш ва бажаришни тақозо этмоқда. “Парламент назорати тўғрисида” ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларнинг тезроқ қабул қилиниши кўп жиҳатдан ана шу вазифаларни ҳал этиш имконини беради.

Яна бир муҳим масала.

Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган. Бу мақсад ҳаётимизда мустаҳкам қарор топган оддий ҳақиқатдан, яъни халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган сўзларни яққол тушунишдан келиб чиққан, десам, ўйлайманки, бутун эл-юртимизнинг фикрини ифода этган бўламан.

Бизнинг Конституциямиз, эски совет конституциясидан фарқли ўлароқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг манфаатлари давлат манфаатларидан устун эканини муҳрлаб қўйиш орқали одамлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратишни ўзининг муҳим мақсади қилиб белгилади, ижтимоий адолат принципларини қонунчилик фаолиятимиз барча йўналишларининг асоси деб эълон қилди.

Қадимги дунёнинг буюк донишмандлари “Нимаики қонуний бўлса, у – адолатлидир”, деб таъкидлаганлари бежиз эмас. Улар шу тариқа айнан қонун адолат манбаи ва мезони эканини уқтирганлар, десак, ҳар томонлама ўринли бўлади.

Ва аксинча, агар қонун бажарилмаса, қонунда бир нарса ёзилиб, ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлса, одамларнинг Конституциямиз ва қонунларимизда муҳрлаб қўйилган адолат ва демократия нормаларига нисбатан ҳар қандай ишончи йўқолади. Бундай ҳолат барчамизга аён. Қонун ва қонун устуворлиги бўлмаган жойда аввало унинг ўрнини коррупция деган бало эгаллайди.

Мамлакатимизда бу борадаги, яъни, қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги ишлар қандай аҳволда? Бу принцип қай даражада ҳаётимиз қоидасига, давлат ва жамият қурилишининг пойдеворига айланган? Аввало, бу қоида Ички ишлар вазирлиги ва унинг маҳаллий идоралари, прокуратура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат органлари фаолиятининг асоси ва моҳиятига айланганми?

Келинг, ана шу масалаларга бир назар ташлайлик.

Шу саволларга жавоб топиш, бу борада юртимизда ҳукм сураётган вазиятни холисона таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистондаги бугунги аҳволни дунёдаги бошқа давлатлар билан қиёслаб, солиштирганда кўп нарса аён бўлади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, АҚШда фаолият кўрсатаётган, катта обрўга эга бўлган, Гэллап институти деб ном олган ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» деган мавзуда 2015 йилда ўтказилган ва эълон қилинган тадқиқот материаллари билан танишиш айни муддао бўлур эди.

Ушбу нуфузли ташкилот шу йўналиш бўйича ўз хулосасини чиқариш учун жаҳон миқёсида 141 та мамлакатда сўров ўтказиб, катта ёшдаги 142 минг шахснинг фикрини ўрганган. Сўровномада 3 та савол ўртага қўйилган.

Биринчи савол «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки тумандаги маҳаллий полицияга ишонасизми?» деган мазмунда берилган.

Иккинчи савол: «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки туманда кечаси хавф-хатардан қўрқмасдан ёлғиз юра оласизми?».

Ва учинчидан, «Охирги ўн икки ойда сиз ва оила аъзоларингизнинг пул ва мол-мулки ўғирланган ҳолат содир бўлганми?» деган савол берилган.

Айни мана шундай саволлар орқали, авваламбор, сўров ўтказилган мамлакатда яшаётган ҳар қайси одамнинг кайфиятига, унинг ўзини эркин ҳис этишига қонунда белгиланган тартибларга амал қилиш қандай таъсир кўрсатаётганини аниқлаш кўзда тутилган.

Бизнинг мамлакатимиз, Ўзбекистонимиз, бу сўровнома натижаларига кўра, дунёдаги 141 та давлат орасида 2-ўринни эгаллаганини алоҳида мамнуният билан таъкидлаш лозим. Бизнинг бундай ўта муҳим масала, яъни юртимизда тинч ва осуда ҳаётни асраш ва ҳимоя қилиш бўйича мана шундай юксак даражага кўтарилганимиз, бу соҳада олиб бораётган ишларимиз халқаро миқёсда кенг эътироф этилгани, ҳеч шубҳасиз, барчамизга ғурур ва ифтихор етказади.

Бу ҳақда гапирганда, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини, энг асосийси, одамларимизнинг ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, бу масала бундан буён ҳам эътиборимиз марказида туришини унутмаслигимиз зарур.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳеч кимга сир эмас, шуни ҳам тан олишимиз керак – кундалик ҳаётимизда ҳали-бери қонунга риоя қилмаслик, қонун ва қонунийликнинг, адолат мезонларининг амалда қўпол равишда бузилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан ўз бурчига совуққонлик билан қараш қонунбузарликка олиб келиши билан боғлиқ ҳолатлар, афсуски, кам эмас.

Бу – ҳақиқат ва ундан кўз юмиб бўлмайди.

Шу фурсатдан фойдаланиб, бу борада айрим мисолларни олиб келмоқчиман. Ушбу масала бўйича ўтказилган баъзи таҳлиллар шундан далолат берадики, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида фуқароларимиздан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг мансабдор шахслари устидан келиб тушган 500 га яқин шикоятнинг бештадан биттаси ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига тегишлидир.

“Ишонч телефон”лари орқали адлия идораларига қилинган мурожаатларнинг 96 фоизи қаноатлантирилган, аризаларнинг 4 фоизини қаноатлантириш рад этилган. Бу рақамлар нимадан далолат беради? Шикоят билан мурожаат қилган одамларнинг у ёки бу давлат органлари қарорларидан норози бўлишга тўла ҳақли эканидан далолат беради.

Одамлар нима ҳақида ариза ёзмоқда? Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний қарорлар қабул қилаётганидан, бу идораларнинг мансабдор шахслари қўпол муомалада бўлаётганидан, аҳоли мурожаатлари улар томонидан тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилмаётганидан шикоят қилмоқда. Фуқаролар тергов органлари томонидан тергов ҳаракатларини амалга оширишда процессуал қонунчиликни қўпол равишда бузиш билан боғлиқ фактлар борлигини кўрсатмоқда.

Юртимизда тадбиркорлик фаолияти бўйича асоссиз текширувлар ўтказилишига йўл қўймасликка қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинганига қарамасдан, ана шу соҳа вакиллари бундай ҳолатлар ва бошқа қонунбузарликлар давом этаётганидан шикоят қилмоқда.

Мана шундай ва бошқа кўплаб мисоллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўзларининг асосий вазифаси, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларининг талаб ва нормаларига сўзсиз риоя этиш эканини теран англаб олиши учун ҳали кўп иш қилишимиз кераклигидан далолат беради.

Бундай ҳолатларни қайд этар эканмиз, Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назорат қилиш (Конституциянинг 118-моддаси) бўйича зиммасига юклатилган конституциявий вазифани қай даражада ва қанчалик самарали бажармоқда, деган савол туғилади.

Маълумотларга кўра, 2015 йилнинг 9 ойида Бош прокуратурага фуқаролардан прокуратура ходимлари устидан 426 та шикоят келиб тушган. Мазкур шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 45 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган, 22 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган, 33 нафар ходим прокуратура органларидан бўшатилган.

Ўз-ўзидан равшанки, ана шу рақамлар ва прокуратура тизимидаги аҳвол бизни қониқтирмайди, албатта. Шу муносабат билан Олий Мажлис Сенати қисқа муддатда прокуратура фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва унинг фаолияти қонунийлиги масаласини кўриб чиқиши зарур.

Бугунги кунгача ички ишлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлигини ҳам нормал ҳолат, деб бўлмайди. Шунинг учун мазкур органларнинг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш ҳамда уларга тузатишлар киритиш зарур.

Ўтган йиллар давомида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида кенг кўламли ва самарали ишлар амалга оширилганини эътироф этишимиз керак. Сўнгги йилларда янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун, шунингдек, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ана шу қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, жиноят процессининг судгача бўлган босқичида фуқароларнинг процессуал ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назоратини кучайтириш бўйича чоралар амалга оширилди, “Хабеас корпус” каби демократик институтни қўллаш соҳаси кенгайтирилди. Умумий юрисдикция судлари фаолиятининг таркибий тузилиши ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, уларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, суд идоралари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Янги таркибдаги парламентимиз томонидан суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш ва эркинлаштиришга қаратилган қатор муҳим қонунлар қабул қилинди.

Миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларга биноан, фуқаролик суд ишларига электрон ҳужжат айланиш тизими жорий этилди. Бу ҳар йили фуқаролик, хўжалик судлари томонидан кўриб чиқиладиган юз минглаб ишларни кўриб чиқиш самарадорлиги ва тезкорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Асосий қонунимизнинг 32-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати институти халқ ҳокимиятининг муҳим элементи сифатида конституциявий мақомга эга бўлди.

Ана шу конституциявий тузатишни ривожлантириш бўйича қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа кўплаб қонунчилик ҳужжатлари фуқаролик жамиятини юксалтиришда, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишда фуқаролик институтлари, оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, фуқароларнинг ижтимоий ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди.

Сўнгги йилларда қабул қилинган айрим қонунлар ва Президент фармонлари таркибий ўзгаришлар, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, бу борада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш учун кенг йўл очиб берадиган қонунчилик базасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни эркин ривожлантириш, хусусий тадбиркорларни уларнинг хўжалик фаолиятига давлат, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат органларининг асоссиз аралашувидан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтирди. Қонунлар ва Президент фармонларида белгилаб берилган қоидалар тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини эркинлаштириш жараёнининг давоми бўлди.

Шу борада «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг аҳамиятини алоҳида таъкидлашни истардим. Ана шу қонунга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча жиҳатларига тааллуқли 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкин – хусусий мулк, кичик бизнес эгалари, тадбиркорларимизнинг йўлини янада кенгайтириб берадиган бундай қарор ва тадбирларимизни кўпайтиришимиз ва самарадорлигини ошириш бугунги кунда энг долзарб вазифамизга киради.

Ҳаммамиз шуни тан олишимиз керак, жамиятда қонунийлик, қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири – бу одамларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни шу руҳда камол топтириш, фуқароларнинг қонунни пухта билиши, юксак ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлишидан иборат. Буни эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.

Биз демократик ривожланган, тараққий топган давлатлар қаторига кўтарилишни ўзимизнинг асосий мақсадимиз деб олдимизга қўяр эканмиз, бу йўлда жуда муҳим бир шартни хаёлимиздан чиқармаслигимиз даркор. Яъни, демократия йўлига киришимиз аввало аҳолимизнинг онгу савиясини ўзгартиришни, тоталитар, зўравонлик тизимидан мерос бўлиб қолган қолдиқлар ва қолиплардан воз кечишимизни сўзда эмас, кундалик ҳаётимизда таъминлашни талаб қилади. Бу эса албатта бир кунлик осон иш эмас – бунга вақт керак, янги ҳаётни ўз юртида қурмоқчи бўлган ҳар қайси инсон шунга астойдил интилиши зарур. Аввало бу мақсад унинг онгу тафаккурида мустаҳкам ўрин топиши даркор.

Бунинг учун мамлакатимизда ҳуқуқий таълим-тарбияни янги босқичга кўтаришимиз, унинг сифатини тубдан яхшилашимиз лозим.

Азиз юртдошларим!

Олдимизда турган улкан вазифаларни, амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва мантиқий якунига етказиш биз учун олдин ҳам осон бўлмаган, бугун ҳам катта синовдир. Лекин шу борада ишончим комил, мустақил, озод ва эркин, демократик давлат ва фаровон жамият қуриш, ҳеч кимга қарам бўлмасдан, ялинмасдан яшаш имконияти халқимизга юз йилларда бир марта берилади.

Айни шундай тарихий имкониятни қўлимиздан чиқариш – бу нафақат бугунги авлодимиз, балки келажак авлодлар олдида ҳам хиёнат бўлур эди. Бундай имкониятни биз ҳеч қачон ҳеч кимга бермаймиз. Бундай хомхаёл ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмасин. Биз бошлаган йўлимизни охиригача албатта етказамиз, иншоолло.

Қадрли дўстлар!

Барчамизга маълум, бир йил олдин мана шу муҳташам залда сиз, азизлар билан маслаҳатлашиб, 2015 йилни юртимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилган эдик. Бизнинг бундай қарорга келишимиздан асосий мақсад – бугунги фаровон ҳаётга эришишда муносиб ҳисса қўшган кекса авлод вакилларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, муҳтарам фахрийларимизнинг руҳини, кўнглини кўтариш, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш йўлида олиб бораётган ишларимизнинг самарасини оширишдан иборат бўлиб, айни шундай муҳим вазифаларни ўз олдимизга қўйган эдик.

Бугун, мана шу фурсатдан фойдаланиб, ана шундай олижаноб мақсадларга қаратилган, амалга оширган ишларимиз якуни билан сиз, азизларни таништириш, қисқача ҳисобот беришни зарур, деб биламан.

Бу борада биринчи навбатда ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг давлат дастури қабул қилингани ва бу йўналишда 5-6 йилга мўлжаллаб режалаштирилган ишларимиз айниқса эътиборга сазовор, деб ҳисоблайман.

Хонадонларимизнинг кўрки бўлган кексаларимизни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йилнинг ўзида 2 миллион 750 минг нафар отахон ва онахонларимизнинг пенсия миқдори 20 фоиздан зиёд кўпайтирилиб, уларга давлат бюджети ҳисобидан 12 триллион 888 миллиард сўм пенсия тўлангани, ўз вақтида ва узлуксиз етказиб берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бу ҳақда гапирганда, бугунги кунда давлатимиз пенсияга ажратадиган маблағнинг миқдори дунёдаги камдан-кам давлатлар қаторида ўртача ойликнинг 41 фоизидан зиёдини ташкил этишини яна бир бор айтиб ўтмоқчиман.

Жорий йилда 1941-1945 йиллардаги урушда қатнашган ва фронт ортида хизмат қилган 61 мингдан ортиқ фахрийларимизга коммунал хизматлар бўйича 3 миллиард 900 миллион сўм миқдоридаги компенсация пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, 100 ёшга етган ва ундан ошган кексаларимизнинг пенсиясига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаб бориш тизими татбиқ этилди ва шу каби бир қатор бошқа чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бутун тараққийпарвар инсоният қатори бизнинг халқимиз ҳам Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигини кенг нишонлади, шу муносабат билан маҳаллаларимиз, шаҳар ва қишлоқларимизда ана шу ғалабани яқинлаштирган табаррук инсонларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик медали, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлангани, уларнинг шарафига турли учрашувлар, тантанали маросимлар ўтказилгани бу мўътабар зотларга эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий намоёни бўлди.

Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар, “Маҳалла” жамғармаси ва бошқа нодавлат ташкилотлар, ҳомийлар кўмагида ёлғиз ва ижтимоий мададга муҳтож қарийб 10 минг фуқаронинг уй-жойлари таъмирлаб берилганини қайд этиш ўринлидир.

Давлат дастури доирасида фахрийларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, шу йўналишга ихтисослаштирилган даволаш ва ижтимоий хизмат муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинди.

Жумладан, барча ҳудуд ва минтақаларимизда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” деган шиор остида кексалар, пенсионер ва ногиронларга ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишни яхшилашга қаратилган ижтимоий тадбирлар ўтказилди. Уларда 215 мингдан зиёд отахон ва онахонларимиз чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлигини тиклашга кўмак берилди.

Ўтган йили қабул қилган қароримизга мувофиқ 50 мингдан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ва ногиронлар санаторийларда бепул даволанди. Уларнинг 7 минг нафарига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди, 5 мингдан кўпроқ қарияларимиз учун замонавий клиникаларда операциялар ўтказилиб, улар ўз дардига шифо топди.

Табиийки, бу борада соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизматнинг сифатини давр талаблари даражасига кўтариш алоҳида аҳамият касб этади.

Жорий йилда Инвестиция дастури асосида 141 та тиббиёт муассасасида қарийб 495 миллиард сўм ҳажмидаги реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилгани, уларни замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун хорижий молия институтларининг 25 миллион долларлик маблағлари жалб этилгани айни шу мақсадга хизмат қилади.

Шулар қаторида “Турон”, “Ҳавотоғ гулшани”, “Чимён”, “Ситораи Моҳи Хоса”, “Косонсой”, “Нуроний”, “Товоқсой”, “Тахиатош”, “Маржон суви” санаторийларида, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги “Саховат” уйларида қарийб 40 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилганини айтиш ўринлидир.

Кексаларимизга кўрсатилаётган махсус ёрдамлар, уларнинг моддий, ижтимоий, маиший таъминотини яхшилашга қаратилган ишларимиз билан бирга, улар яшаётган хонадонлар, маҳаллалар, қишлоқ ва шаҳарларимизни обод ва фаровон қилиш борасидаги фаолиятимиз ва уларнинг амалий самараси, ҳеч шубҳасиз, кексаларимизнинг ҳаётини янада мазмунли ва файзли қилишга қаратилгани билан алоҳида эътиборлидир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, жорий йилда қишлоқларимизда намунавий лойиҳалар асосида 12 мингта замонавий уй-жойлар, қарийб 170 та инфратузилма объекти, 260 километр йўл, 285 километр электр, 370 километр газ, 470 километр ичимлик суви тармоқлари барпо этилганини таъкидлаш зарур.

Шулар ҳақида гапирганда, халқимиз орасида кенг тарқалган бир ҳикматни, яъни “Кексалари бор уйдан файзу барака аримайди” деган гапда жуда катта маъно-мазмун борлигини, мўътабар отахон ва онахонларимизнинг ҳар бир сўзи, маслаҳат ва дуоларининг ўзи нақадар катта бойлик эканини ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим.

Ҳақиқатан ҳам, бу табаррук зотлар биз учун қандай катта бойлик ва давлат эканини халқимиз яхши билади ва уларни доимо қадрлаб, эъзозлаб яшайди.

Албатта, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширган ишларимиз ҳақида яна узоқ гапириш, кўплаб рақам ва мисолларни олиб келиш мумкин. Лекин уларни мухтасар ифода қиладиган бўлсак, дастур бўйича барча манбалар ҳисобидан 2 триллион 246 миллиард сўм ва 225 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфлангани бу борадаги ишларимизнинг кўлами ва миқёсидан яққол далолат беради, деб ўйлайман.

Ўз-ўзидан равшанки, мўътабар қарияларимизга бўлган эътибор, бу йўналишдаги ишлар фақат шу йил билан чекланмайди, балки янги босқичда, янгича шаклда изчил давом эттирилади. Чунки бизларни дунёга келтириб, вояга етказган, ўзининг машаққатли меҳнати билан бугунги ёруғ кунларга катта ҳисса қўшган кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қадрлаш – ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиб, бу ўзбек халқига мансуб бетакрор фазилатларнинг яққол тасдиғи сифатида болаларимизни, ёшларимизни инсонпарварлик руҳида тарбиялашда ёрқин намуна бўлиши муқаррар.

Шу маънода, агар менга буюрса, кексаларнинг, ёши улуғ инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш учун ҳар қайси келаётган йилга айни шундай ном беришни маъқул, деб билардим.

Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай эзгу ишларда фаол иштирок этган давлат ва нодавлат ташкилотларга, ушбу залда ўтирган чет давлатларнинг муҳтарам элчилари, хорижий ва халқаро тузилмалар вакилларига, шу йўлда ўз меҳнати, куч ва имкониятларини аямаган барча олижаноб инсонларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Муҳтарам юртдошлар!

Энди сиз, азизлар билан, юртимизда шаклланган анъанамизга кўра, кириб келаётган янги – 2016 йилга қандай ном бериш ҳақида маслаҳатлашиб олишимиз керак.

Маълумки, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Ҳар қайси онгли инсон жондан азиз фарзандининг бахтини, камолини ўйлаб, ҳамиша эзгу орзу-интилишлар билан яшайди, ўз зурриёдининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлишини истайди.

Соғлом бола, соғлом авлод орзуси аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган азалий интилишдир. Агар ота-боболаримизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар солсак, улар инсоннинг насл-насабига, етти пуштининг тозалиги, авлоднинг соғлиғига жуда катта эътибор берганини кўрамиз.

Соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, фақатгина соғлом онадан соғлом бола туғилади. Асрлар давомида ўз тасдиғини топган бу ҳақиқатни тушунтириб, изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Ана шундай муҳим ҳаётий қадриятни жамиятимизда янада чуқур қарор топтириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларимизни янада юксак босқичга кўтариш мақсадида мен кириб келаётган янги – 2016 йилни юртимизда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилишни таклиф этаман.

Ҳурматли дўстлар!

Барчамизга яхши аёнки, ҳар бир инсон аввало Оллоҳнинг марҳамати билан, она зотининг ўз боласини юраги остида асраб, тўққиз ой давомида тортган машаққатлари туфайли дунёга келади.

Шу боис ҳаммамиз Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз.
Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзот мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги “Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш – биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос бўлиб, биз бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз.

Биз мустақилликка эришганимиздан сўнг соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, биринчи навбатда, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласини ўзимиз учун энг муҳим, устувор вазифа сифатида белгилаб олдик.

Бу соҳада зарур ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш, миллат генофондини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасида қандай улкан ишларни амалга оширганимиз барчамизга яхши маълум, албатта.

Ана шу йўналишдаги кенг кўламли ишларимизнинг давоми ҳақида гапирганда, биргина мисол келтиришни жоиз деб биламан. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида Жанубий Корея давлатининг беғараз ёрдами билан қиймати 130 миллион 600 минг доллар бўлган кўп тармоқли замонавий болалар шифохонасининг қурилиши бошланди. Бу мажмуанинг – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида ягона бўлган, тўртинчи, яъни энг юқори даражага эга ноёб тиббиёт масканининг яқин келгусида фойдаланишга топширилиши соғлом авлод тарбияси йўлида улкан қадам бўлиши шубҳасиздир.

Соғлом она ва бола йили давлат дастурини ишлаб чиқишда, аввало, юртимизда оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича шаклланган ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш масаласи эътиборимиз марказида бўлиши лозим.

Айниқса, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшаётган аҳоли, аввало аёллар учун ижтимоий, маиший, тиббий нуқтаи назардан зарур шароитларни яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма тармоқларини барпо этиш, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш борасидаги ишларимизни изчил давом эттиришимиз лозим.

Шулар қаторида тиббиёт муассасалари, жумладан, жойларда фаолият кўрсатаётган перинатал марказларнинг моддий-техник базасини, уларнинг кадрлар салоҳиятини янада кучайтириш, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарасини ошириш, перинатал ҳамширалар сонини кўпайтириш, акушер-гинекологлар, болалар шифокорларининг малакасини юксалтириш масалаларига алоҳида аҳамият беришимиз керак.

Соғлом авлодни вояга етказиш борасида болаларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштириш, шу мақсадда янги спорт объектларини қуриш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби вазифаларни кун тартибига қўйиш зарурлиги ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Соғлом ва мустаҳкам оила соғлом келажак пойдевори эканини назарда тутиб, бўлажак келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича масъулиятни кучайтириш, шу мақсадда тегишли поликлиникаларни замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, уларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масаласига энг муҳим вазифа сифатида қарашимиз зарур.

Шу борада ўта муҳим бир масалага сиз, азизларнинг эътиборингизни жалб этмоқчиман.

Сизларга яхши маълумки, юртимизда қиз болаларнинг – бўлғуси оналарнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, уларнинг ўрта мактабдан сўнг лицей ва коллежларда албатта таълим олишини таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Мен бу ҳақда такрор ва такрор гапиришни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Қиз болани коллежни битирмасидан, ҳунар эгалламасидан туриб, кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калтабинлик деб ҳисоблайман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади. Бу менинг энг катта орзуим ва тилагимдир, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Шу нуқтаи назардан қараганда, дастурда коллеж битирувчиларини, биринчи навбатда, қизларимизни иш билан таъминлаш масаласини долзарб вазифа тариқасида кўришимиз даркор.

Шу борада ўзининг кичик бир хусусий ишини, ўз бизнесини ташкил этишга интилаётган ёшларимизга имтиёзли кредитлар ажратиш, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари бериш борасидаги ишларимизнинг кўламини кенгайтириш ҳам диққатимиз марказида бўлиши керак.

Шу билан бирга, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни янада кучайтириш, ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, ёш оналар ва болаларни талаб даражасида парвариш қилиш, уларнинг овқат рациони, унинг сифати ва калорияси каби масалаларга жиддий эътибор бериш лозим. Қўлимизни кўксимизга қўйиб, холисона айтадиган бўлсак, афсуски, кўпгина хонадонларимизда бу ўта муҳим масалаларга етарлича аҳамият бермаймиз.

Ҳақиқатан ҳам, болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати, барча ҳис-туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш керак. Бу борада барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур.

Бу ҳақда гапирганда, бир қарашда арзимас нарсадек туюладиган, лекин ҳаётда катта аҳамиятга эга бўлган муҳим бир масалага алоҳида тўхталиш жоиз. Яъни, оилаларимизда соғлом маънавий муҳитни ташкил қилиш, хусусан, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатлар, қўшничилик муносабатларининг ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат руҳида бўлишига эришиш – бу юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва аҳилликни янада мустаҳкамлашнинг энг муҳим шарти эканини доимо эсда тутишимизни истардим.

Бунинг учун ҳаммамиз биргаликда иш олиб боришимиз, хусусан, жойларда ҳокимият идоралари билан маҳалла, хотин-қизлар, нуронийлар, ёшлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш, эл-юрт орасида обрў қозонган ҳурматли инсонлар, муҳтарам кайвониларни бу ишларга кенг жалб этиш айни муддао бўлур эди.

Азиз ватандошлар!

Биз янги – 2016 йилга мана шундай эзгу ва олижаноб ниятлар билан қадам қўяётган эканмиз, давлатимиз ва жамиятимизнинг қудрати ва салоҳиятини, бутун борлиғимиз ва куч-ғайратимизни шу йўлда сафарбар этиш учун барча шароит ва имкониятларга эгамиз.

Энг муҳими, “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш ғоя ҳар бир юртдошимизнинг қалбига чуқур кириб бориши, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланиши лозим.

Ишончим комил, кўпни кўрган халқимизнинг меҳнати, ақл-заковати ва азму шижоати билан Соғлом она ва бола йили бўйича белгилаб олган мақсад ва вазифаларни албатта рўёбга чиқаришга эришамиз, янги йилимиз якунига етаётган 2015 йилдан зиёд бўлса бўладики, асло кам бўлмайди, иншоолло.

Сизларни Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллиги билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 26

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.